Транспорт вазирлиги диққатига!

Пойтахт жамоат транспорти:

мақсад йўловчилардан кўпроқ пул ундиришми?

Шу пайтгача одамлар орасида “Ўтирган жойида ҳаводан пул топади”, дейилганда, мобиль алоқа хизмати кўрсатувчи компаниялар назарда тутиларди. Мантиқан олиб қаралганда, бу бежиз эмас: абонентларнинг боғланиши симсиз, яъни ҳаво орқали бўлади ва тақдим этиладиган тарифлар (энг арзон нархдагиси ҳам) энига қўшиб, бўйидан уриш, ҳар қандай вазиятда уяли алоқа компанияси манфаатини кўзлашга асосланарди.

 Яқинда истеъмолчиларни, таъбир жоиз бўлса, ҳатто “емаган сомсаси”га пул тўлашга мажбур қиладиган ташкилотлар ва компаниялар сафига жамоат транспорти ҳам қўшилса ажаб эмас.

Тошкент шаҳар транспорт бош­қар­маси бош мутахассиси Аҳрорхўжа Тош­хўжаев яқинда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, йўловчилар қан­ча кўп бекат юрса, шунча кўп ҳақ тўланиши фақат метрополитен бекатларига эмас, балки автобус ва йўналиш­ли таксилар учун ҳам жорий этилади. “Юрган масофага қараб тўловни амалга ошириш” бир қарашда адолатли бўлиб туюлса-да, мақсад жамоат транспортидан фойдаланувчи йўловчиларнинг манфаатини таъминлаш эмас, улардан кўпроқ пул ундиришга қаратилган.

Шу ўринда, аввало, “жамоат транспорти” деган тушунчага аниқлик киритиб олсак. Ўз номидан келиб чиқиб бу транспорт воситалари ўта муҳим ижтимоий вазифани — йўловчиларнинг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлайди. Ҳақли равишда жамиятнинг “қон томири”га қиёсланади. Шу нуқтаи назаридан жамоат транспортидан фойда олишни кўзлаш адолатдан эмас. Йўловчиларни ташишдан кўрилган зарар бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши мақсадга мувофиқ.

Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратсак, Европанинг бир нечта шаҳарларида жамоат транспортининг айрим турларидан йўловчилар бепул фойдаланади. Лондон, Париж ва Берлин шаҳридаги баъзи ҳудудларида шахсий автомобиллар, юк ташувчи машиналар учун чекловлар жорий этилиши, йўллар пулли қилиб қўйилиши тирбандлик­ларнинг олдини олади ва жамоат транспорти ҳаракатланиши учун қулайлик туғдиради.

Маълумки, 2020 йил февраль ойи охиридан Люксембургда жамоат транспорти бепул бўлди. Бу бутун мамлакат бўйлаб жамоат транспорти воситаларига жорий этилди. Одатда, бундай чоралар алоҳида шаҳарлар ичида амалга оширилади. Шу билан бирга, кўпинча йўловчиларни ташиш маълум транспорт турларида (масалан, автобусларда) бепул бўлади.

Эстония пойтахти — Таллин шаҳрида ҳам йўловчилар жамоат транспортидан бепул фойдаланади. Францияда эса бундай тизим йигирмага яқин шаҳарда йўлга қўйилган. Улардан энг йириги — Дюнкерк шаҳри аҳолиси 257 минг атрофида бўлиб, 2018 йилдан автобуслар шаҳар аҳолиси учун бепул. Натижада иш кунларида жамоат транспортида йўловчиларни ташиш 60 фоизга, дам олиш кунларида эса 100 фоизга ортган. Ўтказилган сўровномада жамоат транспортидан фойдаланувчи респондентларнинг 48 фоизи шахсий автомобилларини уйида қолдирганини, яна 5 фоизи эса сотиб юборганини маълум қилган.

Германия, АҚШ, Сингапур, Япония, Австралия каби мамлакатларда ҳам жамоат транспортидан бепул фойдаланиш бўйича экспериментлар ўтказилган. Айни пайтда дунёда жами 107 та бепул жамоат транспорти тармоғи мавжуд бўлиб, улардан 67 таси Европада жойлашган.

Албатта, жамоат транспортини бутунлай бепул қилиб қўйиш ҳам муаммони келтириб чиқаради. Агар эксплуатация, амортизация, ҳайдовчиларнинг иш ҳақи ва бошқа харажатлар тўлиқ шаҳар бюджетига юкланса, бу солиқ тўловчиларнинг елкасига келиб тушади.

Шунинг учун аксарият мамлакатларда жамоат транспортидан кўрилган зарар йўлкира нархларининг оширилиши эвазига эмас,  шаҳар ҳокимияти ёки йирик компаниялар,  бюджет ёки давлатга солиқ тушумлари ҳисобидан қопланади.

Яна бир мулоҳаза. Биз Тошкент шаҳ­ри­да­ги чорраҳаларда автомобиллар тир­бан­д­­­лиги юзага келаётганидан кўп ёз­­­ғи­рамиз. Буни бартараф этиш учун қан­ча­­дан-қанча йўл ўтказмалари, яъни кўп­рик­лар қурилди. Лекин шаҳримизда шахсий автомобиллар сони кун сайин кўпайиб бо­раётгани учун муаммони ҳал этиб бўлмаяп­ти. Жамоат транспортининг тез ҳаракатланиши таъминланиб, йўлкира нархлари арзонлаш­тирилса, шахсий автомобиллар қатнови кескин камаяди. Бу экологик мувозанат сақланишида ҳам қўл келади.

Бугун “юрган масофага қараб тўловни амалга ошириш”ни ёқлаётган мутасаддилар жамоат транспортида юрмайди, хизмат автомобилларидан фойдаланади. Шундай экан, оддий йўловчилар манфаатини ҳимоя қилишига ишониш қийин. Ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, бу тизимда бирор ўзгаришни амалиётга жорий этишдан олдин жамоатчилик фикри ўрганилиб, кейин бир қарорга келинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Қувондиқ МУҲАММАДОВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: