Туркия парламентида муштлашув

ёхуд бизникилардан ўрнак олишса бўлмайдими?

Туркия парламентининг навбатдаги йиғилишида депутатлар муштлашиб кетди. Муштлашувни Республика халқ партияси (РХП) аъзоси Энгин Озкоч бошлаган. У Сурияда турк ҳарбийларининг ҳалок бўлаётганидан норози бўлиб, ҳукумат шаънига номақбул гапларни гапирган.

Шундан сўнг трибунага Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) вакиллари югуриб чиқишган ва мушлашув бошланган. Воқеа юзасидан АТП лидерларидан бири Нуман Куртмиш Энгин Озкоч очиқ суд қилиниши кераклигини таъкидлаган. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра “Озкоч иши” бўйича текширув бошланган.

Хабарни ўқигач, бизнинг парламентда Озкач афанди сингари одобсиз депутатлар йўқлигига шукр қилдим. Бизнинг депутатларнинг борлиги ҳам йўқлиги ҳам сезилмайди. “Катта сиёсат”га-ку умуман аралашмайди. Бирор муаммони Президент гапирмагунча, жимгина ўтираверишади.

Президентдан кейин ўзларидан шер ясашлари ёқади-да менга. “Ишламаган эканмиз”, “Мудраб ётган эканмиз”, “Энди олдимизга аниқ мақсадлар қўйдик”, “Йўл харитаси ишлаб чиқдик” каби гап сўзларни тутилмасдан, бехато айтишади-да. Унгача “халқ муаммоларини ҳал этяпмиз”, деб бировга газбалон олиб бериб, селфига тушишни, “кам таъминларга ёрдам қиляпмиз”, деб бировнинг уйига товуқ кўтариб боришни ҳам қотиришди. Энгин Озкачни бизнинг депутатларга ўхшаб одобли бўлишга чақирамиз.

Ҳасан САЛОМОВ,
журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: