Saytda texnik ishlar olib borilmoqda!

“Турналар” қўшиғи тарихи

Доғистонлик машҳур шоир Расул Ҳамзатов (1923-2003) нинг “Журавли” — “Турналар” шеърига Ян Френкель куй басталаб, Марк Бернес ижро этган қўшиқ ҳар қандай одамнинг кўнглини эритиб, кўзига ёш қалқитади. Эшитувчининг кўз ўнгида Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари гавдаланади…

1963 йили Расул Ҳамзатов Шимолий Осетияга борганда Газдановлар оиласи хотирасига ўрнатилган, осмонга парвоз этаётган етти турнага тикилиб турган мотамсаро она ҳайкалидан қаттиқ таъсирланади ва “Турналар” шеърини ёзади.

Газдановлар оиласида етти ўғил бўлиб, бари II жаҳон урушига кетади. Бири 1941 йил Москва остонасида, икки нафари 1942 йил Севас­тополь шаҳри мудофаасида қурбон бўлади. Учинчи “қорахат”ни ўқиган она машъум хабарга чидай олмай, вафот этади. Газдановларнинг яна уч навқирон ўғли Новороссийск, Киев, Белоруссиядаги жанг майдонларида ҳалок бўлади. Охирги, еттинчи ўғли ҳам урушнинг сўнгги кунлари Берлинни ишғол қилишда қурбон бўлгани ҳақидаги “қорахат”ни қишлоқ почтачиси хонадонга олиб боришдан бош тортади. Оқсоқоллар хатни олиб, Газдановнинг уйи сари оҳиста йўл олишади. Ўғилларидан ажралиб, ягона набираси билан қолган бечора ота кўчадаги ўриндиқда ўтираркан, кўзи маҳзун оқсоқоллар қўлидаги “қорахат”га тушиши билан воқеани тушунади ва юраги дош беролмай, ерга қулайди…  

1969 йили шарқшунос Наум Гребнёв Расул Ҳамзатовнинг ушбу шеърини авар тилидан русчага таржима қилади. Шеърни ўқиган, ўпка саратонига учраган машҳур қўшиқчи Марк Бернес композитор Ян Френкелдан бир куй басталашни сўрайди. Тез-тез Френкелга қўнғироқ қилиб, мусиқа ҳақида сўраб туради. Ахийри, бастакор илҳоми келиб, “Журавли” қўшиғини ёзади. Тобора аҳволи оғирлашаётган Марк Бернес овоз ёзиш студиясига амаллаб етиб келади. Ўзи орзу қилган, ҳаётидаги охирги қўшиқни бир уринишда айтиб, ёздириб улгуради. Овози фақат бир марта куйлашгагина етади… Орадан бир ой ўтмай, хонанда вафот этади. Бернеснинг васиятига кўра, дафн маросимида магнитофонда “Журавли” қўшиғи қўйилади. 20 йилдан сўнг Ян Френкель ҳам вафот этганда, унинг ҳам васиятига биноан Москвадаги Новодевичье қабристонида “Журавли” қўшиғи садоси остида дафн қилинади…

Урушда фарзандларидан ажраган ўзбек хонадонлари ҳам бу қўшиқни ўз видоси сифатида севиб тинглашади. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Марк Бернес турналар ҳақида куйлар” шеъри инсонларни огоҳ этиш, маҳзун қўшиқнинг маъносини уқишга чорлайди.

Таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо Расул Ҳамзатовнинг шу шеърини ўзбек тилига ўгирган ва Доғистонда ўтган XXXII Халқаро “Оқ турналар куни” фестивалида ўқиб бериб, юксак эътирофга сазовор бўлган.

Турналар

Шундайин туюлар, баъзан аскарлар
Қонли жангдан қайтмай, жон нисор этган.
Қачонлардир ерга кўмилмай улар
Оппоқ турналарга айланиб кетган.
Учиб ўша олис вақтлардан буён,
Улар шу кнгача чорлайди балким.
Шундан бўлса керак кўкка боққан он,
Маъюс ўйлар ичра қолмоғимиз жим?
Бугун ҳам кузатдим оқшомгача лол,
Туманлар азмида қилгандай нидо.
Даладаги саф-саф одамлар мисол
Учиб ўтди қатор дилимда видо.
Олисларни кўзлаб бораркан, ёлғиз –
Кимнинг исмин айтиб чорлар йўлига?
Турналар қур-қури фалакда бежиз,
Ўхшаши шунданми авар тилига?
Учишар, учишар ҳоришиб жуда,
Кун ботар, туманни ёриб мисли ёй.
Бир кичик бўшлиқ бор улар сафида,
Мен-чун аталгандир балки ўша жой!
Қачондир пайт келар, туманда, аён,
Турналар сафида кетгум у кунда.
Заминдаги барча дўстларим шоён
Қуш тилида кўкда чорлагум шунда.

Бегижон Аҳмедов

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: