ТУТАНТИРИҚ

Мен Зулфия Исроиловадан олдин адабиёт бўйича “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти соҳибаларини таниганман.

Сабаби Зулфияхоним ҳар йили бир мартда эсланса, унинг номидаги мукофот соҳибалари йил ўн икки ой эътибор марказида бўлишади. Айниқса, сўнгги беш йилликда мукофотга интилиш ёш қизлар орасида авж олди. Ресторан таомномасини очсанг ҳам “Зулфия”га номзодларнинг шеъри чиқиб келяпти…

1965 йилнинг июнида жазирамадан­да ҳароратли шеър туғилади. Сўлим Водил бағрида Зулфияхоним “Ўйлар”ини қоғозга туширади. Мана бу сатрларга қаранг-­а:

…Игна билан мен қазиб қудуқ,
Ўша чашма кўзин очаман.
Кор қилмаса қалбимдаги ўт,
Сочим ёқиб учқун сочаман…

Сочнинг ёниши нима деган гап? Учқун сочишга улгурмай кулга айланади. Лекин шоира аёллик кўрки бўлган ана шу сочни­да ёқмоққа тайёр. Бу шунчаки йўлига ёзилган сатр эмас.

Эътибор Охунова. Аслида бу ном айтилганда қаламкаш қизларнинг кўзида шиддат учқуни сачраши керак эди. Ишонаманки, бугунги кунда бундай учқунлар ни йиғсангиз, шамни ёндиролмайди. Вақт топиб Эътибор Охунова ижодига қизиқса,   уларнинг қуйидаги сатрдан кейин халқ янги шеър кутаётганини, ижодкор елкасида улуғ мас­ъулият турганини англарди:

Ҳаёт ширин, ҳаёт гўзал,
Умр мангу бўлса қани?
Ҳатто киприк қоқмай тунлар
Ёзсанг, кутар юрт чамани.

Икки шоиранинг ижодидан парчалар ўқидик. Иккаласида ҳам Ватан ёки Ўзбекистон сўзи йўқ. Ўқиш давомида қалбингизга беихтиёр сингиб боради ватанпарварлик.

Тарихдан келишимнинг сабаби шуки, бугунги айни мавзудаги шеърлар энсамни қотиради. Айниқса, айрим давлат мукофоти соҳибаларининг баландпарвоз сатрлари. Тўғри, халқ қалбида юртга садоқат, ислоҳотларга хайриҳоҳлик кайфиятини шакллантиришда ёшлар ҳам хизмат қилиши керак. Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, аммо бундай шеърларни ҳавойилик ва таъмагирлик билан заҳарлаш керк эмас.

Билганим шуки, сатрларда ҳаёт бор. Ҳаётнинг содда, аммо жонли тасвири бор. Қани ҳозир шундай ишонч барқ уриб турган сатрлар? Ҳалигача уларнинг биронта шеъри мени Ватанни қаттиқроқ севиб қолишимга сабаб бўлмади, бирон сатр таъсирида Ёшлар иттифоқига аъзо бўлмадим. Ваҳоланки, бугун имкон кенг, яратиш авжида…

Биз эса ҳали ҳам ўрта аср сарой шоирларидай қуллуқ қилиб, инъом кутяпмиз. Мукофотга соҳиб­лик, бу ҳали лойиқлик дегани эмас. Одамлар мукофот соҳибларини ижоди билан эмас, кўкрак нишони билан таниб оляпти. Ёзганлари тандирга тутантириқ бўлмай ўтиб кетаётган шоираларимиз бор. Шу ўйлар хаёлимдан кечаркан, сўзимни истеъдодли шоира Кумуш Абдусаломованинг шеъри билан якунлашни лозим топдим.

Қайлардасиз?
Бўлди, етар мақтовлар!
Олқишла, деб олаверманг қистовга.
Шунча кўз-кўз қилганимиз етади,
Кўз­-қулоқ бўлайлик Ўзбекистонга!

Отабек БАКИРОВ.
Ангрен шаҳри

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: