Ўғлини бешикка белаган ота

3-декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Шукрки, орамизда ҳаётнинг ҳар қандай зарбаларини матонат билан енгиб, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам фақат яхшилик қилиб яшайдиган олижаноб инсонлар кўп. Улар қаторида пойтахт вилоятининг Пискент туманида истиқомат қилувчи фахрий журналистлар Собиржон ота ва Сайёра ая Иномовалар ҳам бор…

Тўғри, бу ибратли оила ҳақида бир эмас бир неча маротаба тўлиб-тошиб ёзганларим, айниқса, “Мингтепанинг меҳр ҳовлиси”, “Оила тутиш маданияти” каби дил изҳорларимда кўнгил дафтарини одамийлик сабоқлари билан тўлдирганим ҳам бор гап. Аммо бутун ҳаёти заҳмату қаноат, самимийлигу адоқсиз меҳр булоғи билан суғорилган қўш кабутар достони ҳамон тинчимни ўғирлаган. Алҳол вужуди хастаю, теран мушоҳадалар, одамийлик шеваси билан атрофидагиларга мудом яхшиликдан, оқибатдан дарс бериб келаётган буюк қалб соҳибларига бўлган  ҳурматим, меҳр-муҳаббатим беқиёс…

Зеро, салкам ярим аср ҳамнафас умргузаронликнинг қарийб 40 йилини хасталик, деярли 30 йилини тўшакка михланган ҳолда ўтказаётган Сайёра опанинг ҳаёт шамчироғига нур, хаста вужудига куч-қувват бағишлаб келаётган Собиржон акадек жонфидолар бармоқ билан санарли десам, хато бўлмас. Лекин, бундай оқибатни сахийқалб инсон шундай изоҳлайди:

– Мен Сайёра опангизнинг гулдек ёшлигининг гувоҳиман, жуда бахтли эдик ўша пайтларда, – дейди Собиржон ака. – Тўрт фарзандим, ҳаёт қувончларимни менга ҳадя этган мунис аёлга ҳамон меҳрим баланд. Ахир, шу оғир дарди билан курашиб чарчамаган, ҳаётдан умидини сўндирмаган бетакрор матонат эгаси менинг умр йўлдошим эканининг ўзи менга куч-қувват беради. Унинг самимий нигоҳлари, меҳр  ёғилиб турган чеҳраси хонадонимнинг файзи, ширин сўзлари қалбим малҳами. Тақдир мени синовидан бебаҳра қолдирмаган. Баъзан шахдам қадамларимга панд бериб қўядиган оёғимдаги қусурга қарамай меҳр қўйган олижаноб рафиқам менга доим далда бўлиб келган…

Собиржон акангиз ёшлигида келишган эдилар. Ҳозир ҳам шундай. Кўзларидаги меҳр булоғи мени ҳамон асраб келяпти, – дейди Сайёра опа умр йўлдоши ҳақида гапираркан кўзларида ёш айланди. – Тўртинчи фарзандим Йўлчибек туғилгач, оғир хасталик исканжага олди. Аста-аста қўлларим, айниқса, оёқларим ўзимга бўйсинмай қолди. Ўшанда етти ёшли Икромжон, беш ёшли Гулмира, уч ёшли Гулнора қизим, кейин эса Йўлчибегим – чақалоғимни эплашнинг ўзи бўлмаган. Бахтимга қайнонам, қайнопаларим ҳам бағри кенг, раҳмдил инсонлар эди. “Яхши гап жон озиғи” дейишади-ку. Тўрт фарзандим оёққа тургунча чеккан заҳматларимиз бир достонга етгудек.

Гўдагимни бешикка белашга ҳам мажолим қолмаганида Собиржон акангиз ўзи белаб, сўнг ишга кетар, келганида ечиб олиб қўлимга тутқазарди… Эҳ, не кунларни кўрмадик…

Муштипар аёлнинг ҳикояларини эшитиб, лол қолдик. Оналарини кўрпачаси билан ҳовлига олиб чиқишиб, у ясаган нонларни 12 ёшида оёғи тагига курси қўйиб тандирга ёпиштирган, тўрт ёшидан мактабда ўқиб, 14 ёшида ТошМига кирган ҳам  Сайёра опанинг қизларида…

Хуллас, қўш кабутардек бир-бирига суяниб, далда бўлиб яшаётган кекса ижодкор, маҳоратли журналист ёзувчиларнинг, хусусан, “ Меҳнат шуҳрати” ордени нишондори Собиржон Иномовнинг қатор-қатор ҳаётий китоблари “Нажот кўприги”, “Қўмсаш”, “Ҳаёт иншоси”, “ Чинорлар узоқ яшайди”, “Йўл бўйлаб”, “Соқов хотин”, “ Эгали уй” , “Осмоннинг устуни”, “Бедор қалб туҳфалари” бўлиб, мухлисларга инсонийлик фазилатлари, яхшиликнинг шарофати, ёмонликнинг касофати, унга қарши курашиш ҳақида сабоқ бериб келмоқда.

Уларнинг ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат, матонат ва жасоратга йўғрилган ҳаёти ҳақидаги ҳикоялар эл оғзида достон бўлиб, эзгуликларга ундаб туриши шубҳасиз. Зеро, арзимаган сабаблар билан ажрашиб, муқаддас никоҳга хиёнат қиладиган, бегуноҳ болаларни етим қолдириб, юракларини жароҳатлаётган тўрт мучаси соғ, аммо ношукр бандаларга бундан ортиқ сабоқ бўлмас.

Сайёра РИХСИЕВА,
журналист

 РS. Ўйланиб қаласан киши. Бугун арзимас нарсалардан нолиб, ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қиладиганларга саволим бор. Сизда Собиржон отанинг ўрнида бўлганингизда нима қилардингиз? Вужудингиз хаста бўла туриб, оёқлари ишламай тўшакка михланган жуфти ҳалолингизга ғамхўрлик қилишга сабр-матонатингиз етармиди?

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

2 thoughts on “Ўғлини бешикка белаган ота

  1. Офарин! Орамизда шундай матонатли, метин иродали инсонлар борлигини эслатиб турувчи СИЗ каби к,алами уткир мухбирларимиз борлигидан куксимиз ОСМОНДА!!!

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: