Ўқитувчи ўзининг ҳисобидан харажат қилади

ёхуд битмас- туганмас мажбуриятлар ҳақида

Айни кунларда ўқитувчилар пандемия талаблари амалда бўлишига қарамай, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, ҳар йилгидек август кенгашлари семинарларида ўз тажрибаларини баҳам кўришмоқда. Кейин эса улар яна бир катта вазифа — Мустақиллик дарсига тайёргарлик кўришади. Ҳар ўқув йили бошида байрам шарофати билан ясатилган синф хонаси-ю, кўргазмали материаллар билан безатилган доскани ўқитувчи қайси маблағ эвазига тўлдиришини биласизми? Парталар устидаги байроқчаларни ким сотиб олади? Албатта, бу ишларнинг барчасини аксарият устозлар ўз “кармонларидан ақча сарфлаб” ва ўз қўллари билан бажариб келишган.

Ҳали ўқув йили қай тарзда бошланиши маълум бўлмаса-да, бу йил ҳам ўқитувчилар аллақачон ҳаракатга тушишган. Уларга ҳар эҳтимолга қарши яна ўша топшириқлар юклатилган. Мактаб директоридан “Ўша кўргазмали қуроллар ва синф жиҳозларини қайси маблағ эвазига сотиб оламиз?” деб сўрай олмаган ўқитувчи дугонам “зорини” менга айтиб қолди. Мен эса шу вақтгача бу ҳақда ўйлаб кўрмаганим учунми, унга нима дейишни билолмадим. Ўз ҳисобингдан сарфлайвер, юртимиз болалари учун-ку, деб ватанпарварлик қилайми ёки нега раҳбарингга шартта шу саволни бермадинг, дея ҳақиқатпарварликни пешлайми?

Хуллас, “кўргазмали қуролларни қўл меҳнатинг билан тайёрласанг ҳам камчиқим, ҳам оддий бўлади”, дедим. У эса “йўғ-эй, бир синфда 30 ўқувчи бўлса, шунча байроқчани қандай тайёрлайман?”, деди уҳ тортиб. Ўзи яқиндагина бу касб эгалари синфни таъмирлаш ғалвасидан қутулган эди, назаримда. Мактабни янги ўқув йилига тайёрлаш учун синфларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари қайси маблағ эвазига амалга оширилиши кераклиги эса доим такрорий, жавобсиз савол бўлиб қолаверади. Ота-онадан пул йиғилмаса, устоз ёнидан сарфлашга мажбур этилмаса, бу ишлар ким ёки нима эвазига қилиниши керак, ахир?

Нима учун шунча йилдан бери Халқ таълими вазирлигидан бир мард чиқиб, “бюджетдан бунча ажратилади, шунчаси шунга, бунчаси бунга сарфланиши лозим”, деб шартта айтмайди. Шунда ўқитувчи учун асос, тайёр далил, ҳужжат бўларди, қўярди. Педагоглар обрўсини ва ойлик маошини оширсак ҳам мажбурий меҳнат ва обуна қилдирмасак ҳам (ваҳоланки, газета-журналга сарфлаган пулига ўқитувчи бунчалик ачинмаган бўларди), бу ёқдан мактаб директорлари зимдан турли топшириқларни юклайверса, билингки, отамиздай улуғ устозларга осон бўлмайди.

Ҳалиям бўлса, шу масалага ойдинлик киритиш ва ўқитувчиларни ҳақиқий маънода моддий мажбуриятлардан озод қилиш лозим. Сиз нима дейсиз, фикрдош?

Сайёра ҚОДИРОВА

Фикр билдириш