Ўқитувчига имкон беринг

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси диққатига!

Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб жорий қилинган Kundalik рақамли таълим платформаси кўп функцияли тизим ҳисобланади. Бу нафақат электрон кундалик ва журнал, балки ўқув жараёнининг барча иштирокчилари: ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар, мактаб раҳбарлари ва назоратчи идоралари учун яратилган рақамли таълим платформасидир. У онлайн режимда дарслар жадвали, ҳар бир дарс учун режалар тузиш, давомат ва ўзлаштириш ҳисоб-китобини юритиш, автоматик равишда ҳисоботларни шакллантиришга имкон беради. Ўқувчи ва ота-оналар  Kundalikда баҳолар ва уй вазифаларини кўриши, хавфсиз тармоқда мулоқот қилиши ва қўшимча таълим ресурсларидан фойдаланиши мумкин. Ушбу жараён педагогларнинг компьютер саводхонлигини ошишига ҳам хизмат қилмоқда.

Энди танганинг иккинчи томонига қарасак. Мана шу жараён жорий этилаётган мактабларда ўқитувчилар икки баробар кўп иш бажариши, қоғоз ва электрон журналларни тўлдириши керак бўлади. Бу эса ўз-ўзидан кўп вақт талаб қилади ва озми-кўпми дарс сифатига таъсир қилмай қолмайди. Балки… бу қийинчилик платформа мутахассислари таъкидлаётганидек вақтинчаликдир.

 Журнал ва кундаликларнинг қоғоз вариантидан тўлиқ озод бўлиш учун ўқитувчилар тизимни яхшилаб ўзлаштириши ва мактаблар техник жиҳатдан тайёрланиши кераклиги айтилмоқда. Демак, муаммо яна вақт ва маблағга бориб тақалади. Бу ҳам етмагандек, республикамизнинг аксарият ҳудудларида интернет тезлиги жуда суст. Мазкур ҳолатдан чиқиб олгунга қадар ўқувчиларга билим бериш кўрсаткичи пасайиб бораверадими? Чунки ўқитувчиларнинг иши шундоғам икки ҳисса ортиб, дарс ўтишга қандай ёшдашиши сўроқ остида қолади.

Бугун бу борада нафақат ижтимоий тармоқларда, балки мактаб ўқитувчилари ҳам ўзларининг фикр-мулоҳазаларини очиқ баён этишмоқда. Фан олимпиадаларида юқори натижага эришган, кўплаб шогирдлари олий ўқув юрти талабалари бўлган фидойи педагогларнинг (айримлари олий тоифали) айнан шу электрон журнал ва кундаликда ишлаш жараёнида кузатилаётган хатоликлар, камчиликлар сабаб синфидаги фоиз кўрсаткичи пасайиб, “ҳайфсан” олишга ҳам сабаб бўлаётган экан. Иши бошидан ошиб ётган ёхуд катта ёшдаги ўқитувчиларга техник носозлик туфайли интизомий чора қўлланиши адолатданми?

Мазкур рақамли платформани таълим тизимида қўллашдан олдин жараёнга яхшилаб тайёргарлик кўрилганда, бу каби муаммоларга камроқ дуч келинарди. Ёки мослашиб олгунга қадар ўқитувларга имкон бериш керак эди. Зеро, қайсидир соҳада ислоҳотларни амалга ошираётганда, аввало, мавжуд муаммолар, имкониятлар обдон ўрганилиши мақсадга мувофиқ.

 Тан олиш керак, агар платформадаги муаммолар бартараф этилса, Kundalik лойиҳасининг имкониятлари кенг ва бундан унумли фойдаланиш мумкин.

Ҳар қанча машаққатли бўлмасин, касбини севиб, ёшларга таълим бериб келаётган фидойи ўқитувчиларга сабр-матонат ҳамроҳ бўлсин, деб қоламиз. Мутассадидлардан эса мазкур масалада  изоҳ кутамиз.

Ирода КАТТАБЕКОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: