Усмонхон Алимов

Нима учун машҳур?

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий. 2012 йили Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланган. 2019 йил “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллаган. 10 йилдан буён ушбу рўйхатдан мустаҳкам жой олиб келмоқда.

Қандай машҳур бўлган?

1950 йили 1 январь куни Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, 1982-1983 йиллар Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йиллар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йиллар Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олган. 1987-2000 йилларда Самарқанд вилояти, Пойариқ туманидаги Имом ал-Бухорий масжидида имом, 2000-2006 йилларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби. 2006 йил 8 августдан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси лавозимида ишлаб келмоқда. 2020 йил 6 январда 70 ёшни қарши олиши муносабати билан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари идораси “Кумуш ярим ой” медали, Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали “Иттифоқ” медали билан тақдирланган. 2019 йил майида — муборак рамазон ойида Муфтий ҳазратларини АҚШга сафари давомида “Буюк муфтий” дея эъзозлашган. Йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалар муаллифи. “Тафсири Ирфон”, “Имом Бухорий — муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ҳазрати Имом”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Сўраган эдингиз” каби асарлари чоп этилган.

Машҳур нима дейди?

“Эргашувчи эмас, эргаштирувчи куч бўлишимиз керак!”

“Оқибатда, беҳаёлик аталмиш таназзул белгиси эпидемия каби жадал тарқалмоқда. Сиртдан қараганда, зарарсиз, замона зайлидек кўринган бу иллат аслида, барчамиз учун улкан мусибатдир”.

“Муборак динимиз жамият асосининг пойдевори ва истиқболи бўлган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишларини талаб қилади”.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: