Ўткир Ҳошимов ҳақида 5 факт

Бугун, 5 август  ёзувчи таваллуд топган кун.

1. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Ўткир Ҳошимов 1941 йил 5 августда Тошкент шаҳрида туғилган. Ёзувчининг болалиги уруш ва урушдан кейинги машаққатли даврга тўғри келган. “Ўша даврда нон танқис бўлгани билан кутубхоналарда китоб кўп эди”, дея эслаган ёзувчи ўз хотираларида. Китоб ўқиш баробарида Ўткир Ҳошимов почтада хат тарқатувчи бўлиб ишлаган. Айнан мана шу иш бўлажак ёзувчини оддий одамларнинг китобдаги ҳаётдан бутунлай бошқа турмушига ошно қилган.

2. Ёзувчи “Икки эшик ораси” романини 1982 йилда оиласи билан Пицундаги Ёзувчилар ижодий уйида дам олганида ёза бошлаган. Бир куни турмуш ўртоғи Ўлмасхон Ҳошимова фарзандлари билан денгиз бўйида сайр қилиб қайтар экан, хонада ижодкорнинг 10 кундан бери ёзганларини йиртиб ташлаётганига гувоҳ бўлади. Юз бетлик қўлёзмани сақлаб қолишга уринган Ўлмасхон аянинг айтишларича, “Эртага куз!” сарлавҳали ўша қораламалар орадан уч йил ўтиб, “Икки эшик ораси” романига айланган. Уч юз минг нусхада 10 мартадан ортиқ нашр қилиниб, турли давлат тилларига таржима қилинган.

3. Ўткир Ҳошимов бир хатосини ҳечам кечиролмаган. У бу ҳақида шундай гапирган:
«Ойим: «Кел, болам, бирга суратга тушайлик», деганларида, мен «бу шунчалик шошилинчми», деб кулганман… Орадан бир ҳафта ўтмасдан онам вафот этганлар».

4. Ўткир Ҳошимов диплом иши ёзмаган. Сабаби 3-курсда унинг биринчи китоби чиққан, ўқитувчилар эса буни диплом иши деб ҳисоблашган. Бундан ташқари, Ўткир Ҳошимов ўзи билан бир санада туғилган Ги Де Мопассан асарларини таржима қилган.

5. Ўткир Ҳошимов 80-йиллар охири, 90-йиллар бошларида Ўзбекистон телевидениесида долзарб мавзулар кўтарилган машҳур “Баҳс” кўрсатувини олиб борган. «Юқори ташкилот»дан даҳрийлик — худосизлик мавзусида «Баҳс» кўрсатувини қилиш ҳақидаги топшириқни адиб бажармагач, кўрсатув тўхтатиб қўйилган. 1990 йилда эса баъзи тўсиқларга қарамасдан ўзи бош муҳаррир бўлган “Шарқ юлдузи” журналида Қуръони Каримнинг илк ўзбек тилидаги таржимасини чоп этишга журъат этган.

Бонус. Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб кичик ҳикоя.

«Тутинган» ўғил

Амал курсисида ўтирганингда ким энг кўп товонингни яласа, курсидан тушганингда ўша биринчи бўлиб сендан юз ўгиради, деганлари қанчалик тўғри эканига ўзим ишонч ҳосил қилдим.
Бир қадрдоним бор эди. Кунора қўнғироқ қилиб, ҳафтада келиб турар, шифохонага тушиб қолсам, «овора бўлманг», дейишимга қарамай ҳаммадан аввал етиб борар, таътил пайтида Ўзбекистоннинг қайси бурчагига дам олмай, топиб борар, «бир чўқимгина» ош қилмаса, кўнгли жойига тушмас эди… Буниси ҳам майли, икки гапнинг бирида «мен сизни отам деганман, сиз менинг отамсиз», деб, Худони ўртага солиб қасам ичарди…
Мансабим жиндай ўзгарган эди, «болам»ни йўқотиб қўйдим. Суриштирсам бошқа ота излаб юрган экан…

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: