«ЎзАвто», аравани қуруқ олиб қочманг!

“Ўзавто” раҳбарияти депутатимиз Расул Кушербаевга оғзини тўлдириб, жавоб қайтаришган экан, бизнинг ҳам уларга айтар гапларимиз бор…

Ҳурматли “Ўзавтосаноат”чилар,

Жавобингизда ходимларнинг иш ҳақидан ўтказилган ҳомийлик маблағлари ҳақида ёзибсиз. Ўзбекистонда эса бу жамғармага пул ўтказмаган ходим қолмаган, менимча. Иккинчидан, беғараз ёрдамларингиз ҳақида ҳам ёзган экансиз, бу вазиятда кўплаб тадбиркорлар ҳам жим қараб турмади, қўлларидан келганича маблағ ажратганини яхши биламиз. Учинчидан, Андижон вилоятига берилган тез тиббий машиналари ҳақидаги мақолада адашмасам, тез тиббий машиналарни Андижон вилояти ҳокими совға қилди, деб ёзилганди…

Энди Сизларга менинг ҳам саволларим бор.

Айтингчи, нега автосалонга пулларни 100 фоиз тўлаб қўйиб ҳам фуқаро ва тадбиркорлар уч ойлаб кутиши керак? Нега ҳанузгача Дамас ва Лабо автомашиналари учун узлуксиз навбатлар сони камаймаяпти? Таклиф талабдан ортиб кетсагина нархни камайишига эришиш мумкин. Нега талаб юқорилигини кўра била туриб, таклиф, яъни ишлаб чиқариш ҳажмини оширмай нархларга билвосита таъсир ўтказяпсизлар? Бу билан халқимизни қачонгача оворайи сарсон қилмоқчисизлар? Нархни-ку осмон-у фалакка кўтариб қўйдинглар, ҳеч бўлмаса, шу ишларингга яраша фуқароларни куттирмаслик йўлини топсаларинг бўлмайдими? Қачонгача Ўзбекистонда автосалонларида Лабо ва Дамас машиналарини кўрмаймиз? Оддий халқ ололмайдиган машиналарингиз билан автосалонларни тўлдириб қўйишга уялмайсизларми? Бу саволларимга яна аравани қуруқ олиб қочмасдан жавоб беринглар-а?

Дилшодбек Далиев

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: