Ўзбек футболини оқсоқлантираётган муаммолар

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча соҳаларга, шу жумладан спортга ҳам катта эътибор қаратила бошлади. Бунинг натижаси ўлароқ, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 1994 йилда Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритиб, Осиёликларга ўзбек футболининг куч-қудратини кўрсатишган эди. Ёшларимиз ҳам бир неча бор Осиёда тенгсиз бўлишди. Бироқ терма жамоа миқёсида ҳали ҳам мундиалга чиқиш биз учун армон бўлиб қолмоқда. Жаҳон чемпионатига чиқишимизга доим бир қадам қолади. Биз қуйида футболимиздаги муаммоларни иложи борича тўлиқроқ таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Ички чемпионат савияси

Терма жамоа кучли бўлишида ички чемпионатнинг ўрни бўлакча. Боиси миллий чемпионатда чемпионлик учун курашадиган жамоалар қанча кўп бўлса, рақобат шунча кучли бўлади. Ана шу рақобатда товланган футболчилар терма жамоамиз кучайиши учун хизмат қилади. Афсуски, бизда бундай эмас. Чемпионатда 3-4 та клуб чемпионлик учун кураш олиб боради, холос. Қолган клублар эса шунчаки “сайр қилиб юришади”.

Мамлакатимиз етакчи клублари ўз таркибларини кучайтириш учун хориждан кўра, ички чемпионат клубларининг футболчиларини харид қилишади. Натижада энди яхши натижалар қайд этаётган жамоа футболчиларидан айрилиб, яна ўзининг эски кўринишига келиб қолади.

Хитой, араб мамлакатлари чемпионатларига назар ташласангиз, ҳар бир клубда камида 2 нафар фаолиятини кучли чемпионатда ўтказган футболчилар тўп суришади. Улар бу орқали маҳаллий футболчиларнинг маҳоратини оширишни мақсад қилганлар ва қайсидир маънода бунга эришмоқдалар. Ички чемпионатимизда кучли рақобат бўлмас экан, клублар ҳам, терма жамоамиз ҳам халқаро майдонларда юқори натижаларни қайд этишолмайди.

Осиёда ўз ўрнига эга бўлган Жанубий Корея, Япония, Эрон каби мамлакатларнинг ички чемпионатларида рақобат жуда ҳам кучли. Биринчи йил чемпион бўлган жамоани кейинги йил аутсайдерлар қаторида кўришингиз ҳам ҳеч гап эмас. Футболчилар ҳам майдонда борларини бериб, ўзларининг бор  маҳоратларини намойиш этишга ҳаракат қиладилар. Бизда эса кучли тўртлик унча-бунчага ўзгармайди. Шу сабабдан ҳам миллий терма жамоамизга номзод футболчилар юқорида тилга олинган чемпионатларнинг қуйи лигаларида тўп тепишяпти.

Бир тасаввур қилиб кўринг, Япония терма жамоаси аъзоси Про-лигамизда тўп тепяпти… ақлга сиғмайдиган иш, шундай эмасми?

Легионерлар масаласи

Футболчи маҳоратини янада ошириши учун кучли чемпионатлар ҳавосидан баҳраманд бўлиши лозим. Бизнинг футболчилар эса Россия чемпионатидан у ёғига ўта олишмаяпти. Фақатгина Сардор Рашидов оз бўлса-да, Португалия чемпионатида аутсайдер жамоа таркибида тўп тепди. Унинг натижаси ҳам ҳавас қилгулик дея олмаймиз (бор йўғи 3 та гол).

Осиёнинг бошқа етакчи терма жамоаларида эса ақалли 2-3 нафар футболчиси кучли бешликда, баъзилари ўз клубларининг етакчилари сифатида Европа чемпионлар лигасида ҳам жамоаларига фойда келтиришмоқда. Бизга Европа футболидан баҳраманд бўлган чарм тўп усталари керак. Футбочиларимиз Корея, Япония каби чемпионатларнинг қуйи лигаларида тўп тепиб юришса, мундиалга бориш орзулигича қолиб кетаверади.

Авлодлар алмашинуви

Терма жамоамизнинг охирги Осиё чемпионатида иштирок этган футболчиларимизнинг ўртача ёши 28 ёшни ташки қилган. Асосий таркибдаги қарийб ярим футболчилари ХХI асрнинг иккинчи 10 йиллигидан бери таркибда. Мана орадан 10 йил вақт ўтибдики, ҳалиям улар шу ерда. Осиё Кубоги-2019 да чемпион бўлган қатарликларнинг ўртача ёши 24-25 қаторида эди. Бизда авлодлар алмашинувида мутахассислар сусткашликка йўл қўйишмоқда.

Ахир, шу пайтгача қанчадан қанча ёш футболчиларимиз ёшлар терма жамоалари билан Осиё чемпионатида фахрли ўринларни қўлга киритишган. Аммо уларга терма жамоамиз эшикларидан кириш қийинчилик туғдиряпти. Тўғрироғи, мураббийлар уларга ишонишдан чўчишмоқда. Бу эса рақобат юзага келишининг олдини олмоқда. Ишонмайсизми? Футболга қизиққан хоҳлаган инсонингиздан терма жамоамиз таркибини сўранг, у асосий таркибни бекам-у кўст айтиб бера олади. Терма жамоамизга янги қон жуда зарур.

Ўйин услуби

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳозирги ўйин услубининг асосини бундан 9 йил аввал Вадим Абрамов тузган, ўшанда футболчиларимиз Осиё Кубогида мазмунли ўйин кўрсатган ҳолда кучли тўртталикка киришганди. Мана 9 йилдирки бу услуб ўзгаргани йўқ. Рақиблар тактикамизни ўйин бошланишидан олдин билиб олишяпти. Орада Эктор Купер келиб терма жамоамизни ҳимоявий услубга мослаштирмоқчи бўлди. Лекин бу ҳам ўзини оқламади.

Ҳозирги тактикамиз ҳам мақтанадиган даражада эмас. 2022 йилда Қатарда ўтказиладиган Жаҳон чемпионати саралаш учрашуви доирасида Ўзбекистон МТЖнинг Саудия Арабистонига қарши учрашуви кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўша учрашувда футболчиларимиз ҳисобда олдинда бора туриб охирги 5 дақиқаликда кетма-кет голлар ўтказиши натижасида ақалли дурангга ҳам эриша олмаганди. Бу ўйинда вакилларимиз ғалаба қозонишаётган пайтда ҳисобни сақлаб қолиш тўғрисида ўйлашди. Натижада жазоланишди. Бундай ҳолатлар биринчи маротаба бўлаётгани йўқ.

Футболчиларимиз ўйинидаги бир хиллик натижага ҳам таъсир этиб келмоқда. Қандайдир бошқача тактикада ўйинимизни қурмасак, ҳали бери Эрон, Япония каби Осиё грандларига қаршилик кўрсата олмаймиз.

Футболчиларнинг ёши билан боғлиқ муаммо

ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев ўз интервьюларидан бирида ушбу муаммо ҳақида қуйидагича фикр билдирган эди:

«Футболни ривожлантириш учун болалар футболини ислоҳ қилишимиз керак. Энг катта муаммо бу ёшни кичрайтириш билан боғлиқ. Биз бунга қарши ҳуқуқ тартибот органлари билан биргаликда кураш олиб боришни режалаштиряпмиз.

Болалар футболи учун ФИФА томонидан ишлаб чиқилган аниқ тизим бор. Яъни профессионал футболчи клубини алмаштирган тақдирда, уни болаликдан тарбиялаган мураббийга ҳар сафарги трансферидан улуш бўлади.Бизда бу тизим йиллар давомида ишламай келмоқда. Мақсадимиз – бу тизимни ўзбек футболига ҳам тадбиқ этиш.

Ҳозир мураббий шогирдининг ёшини кичрайтириб, бирор мусобақада ғолиб чиқишидан манфаатдор. У профессионал футболда қай даражада ўйнаб кетиши эса иккинчи даражали. Агар ФИФА тизимини йўлга қўя олсак, мураббий шогирдини ёшини кичрайтиришдан эмас, балки уни профессионал футболчи қилиб тарбиялашни кўпроқ ўйлайди».

Бизда бу муаммо ҳалигача бартараф этилаётгани йўқ. Мутасаддилар ёшни кичрайтириб фақат бугунни ўйлашмоқда. Эрта билан эса умуман ишлари йўқ. Бундай шароитда ривожланиш гўё бир мўъжиза.

Хулоса

Юқоридаги муаммолардан хулоса қиладиган бўлсак, биз энг аввало тизимимизни бошидан янгилашимиз керак. Майли бунга уч, тўрт, беш йил кетсин. Балки бир нечта халқаро мусобақаларни қурбон қилишга ҳам тўғри келиб қолар. Лекин тизим янгиланмас экан, халқаро майдонлардаги иштирок, шунчаки, орзу бўлиб қолаверади.

Сухробжон Садиров

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: