Вазир билан учрашув сценарийлаштирилганмиди?

Президентимизнинг пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан қилган мулоқоти яхши бир анъанани бошлаб берганидан хабарингиз бор. Шундан буён барча вазир, ҳоким ва раҳбарлар ўз тизимларидаги ёшлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишди. Касбим тақозоси билан Ўзбекистон Халқ таълими вазирининг ёш ўқитувчилар билан қилган очиқ мулоқотида иштирок этдим.   

Учрашув белгиланган мактабнинг фаоллар залига кириб, бўш ўриндиқларга ўтирмоқчи бўлиб турганимда тадбир ташкилотчиларидан бири саволга тутди:

Тўхтанг, опа, бу ерга ўтирманг, бу ўриндиққа савол берадиганлар жойлаштирилади. Сиз қаердансиз ўзи?

Газетаданман, – дея олдим аранг ҳайратдан ёқамни ушлаб.

Иштирокчиларни жойлаштиришга бош-қош бўлаётган йигит журналист эканимдан сергакланмади ҳам. Хуллас, мени ўзи кўрсатган ўриндиққа жойлади-ю, ишини давом эттирди.

Орадан кўп ўтмай вазир билан мулоқот бошланди. Тизимдаги ислоҳотлар ҳақида гапирилгач, савол-жавобга ўтилди. Зеро, вазирнинг мақсади ёш кадрлар билан очиқ мулоқот ўтказиш эди-да! Бирин-кетин саволлар берилар экан, атрофда кимдир «нуқул сариқ рангдаги ўриндиқда ўтирганлар савол беришяпти, ўриндиқларнинг ранг-баранглиги қўл келганини қаранг» дея пичирлади. Ҳайратим икки баробар ошиб, бояги воқеанинг сабабини тушундим. Тўғриси, олдиндан тайёрланган дея кўпчиликда шубҳа уйғотган саволлар аслида ўринли ва асосли бўлди. Аммо барибир ҳар бир ёш ўқитувчининг шахсан ўз иш жараёни, фаолияти билан боғлиқ масалалар, кўнглидаги ўй-кечинмалари бор эди, назаримда. Бир тележурналист ҳамкасбимнинг саволини эса ортиқча, деб баҳолашганини ҳам эшитиб кулгим қистади.

Учрашув ниҳоясига етиб, ишхонамга йўл олар эканман, хаёлимдаги саволлар менга тинчлик бермасди. Наҳотки, ҳалигача биз хўжакўрсинга тадбир уюштиришдан уялмаймиз? Муаммо ва масалаларни ўртага ташлаш, ҳал қилишга ҳаракат қилишдан кўра, уни яширишга ҳаракат қиламиз?

Балки бу саволни ўзингизга ҳам бериб кўринг, ахир нега ўша куни журналист сифатида бу ҳолатга индамай кўз юмиб кетдингиз, деяётгандирсиз! Сиз ҳақсиз!

Лекин бугун мен бир масъулга айтолмаган гапимни кўп минг сонли Fikrat.uz ўқувчилари катори мутасаддиларга ҳам айтиш имконига эга бўлдим!

Сайёра ҚОДИРОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: