Вазирлик: Кейингисини кутинг!

Кейингисини кутганларнинг аттанги ҳақида

Маълумки, пандемия шароитида мамлакатимизда жорий йил 8 июндан “сариқ” ва “яшил” ҳудудларда карантин талабларини сақлаган ҳолда жамоат транспортларининг ҳаракатланишига рухсат берилди. Шунингдек, чиқимдорликни камайтириш учун Тошкентда автобус ҳайдовчиларига қўйилган “кунлик план” бекор қилинди. Бу чоралар йўловчилар автобусга чиққанда оралиқ масофани сақлаши учун қилинган эди.

Афсуски, жамоат транспорти салонида тирбандлик ошса ошяптики, камайган эмас.

Одамлар ижтимоий тармоқда “транспорт йўналишлари бўйича белгиланган оралиқ вақтни, ҳеч бўлмаса, эрталаб ва ишдан қайтиш пайтида қисқартирса бўлмайдими?”, “Тошкент шаҳрида йўловчи тиқилинч бўладиган кичик автобусларни йўналишга чиқмаган катта “Mercedes-Benz” русумли автобуслар билан алмаштириш керак” деган фикрларни илгари суришмоқда. Бундай эътирозларга Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов яқинда ўтказилган брифингда қуйидагича изоҳ берди:

— “Тошшаҳартрансхизмат” компанияси таркибига кирувчи автокорхоналар томонидан 131 йўналишда 1067 автобус ишга чиқарилган. Машина салонида одам етарлича бўлса, йўловчи ўз саломатлигини ўйлаган ҳолда автобусга чиқмагани ҳар жиҳатдан маъқул. Озроқ кутилса, кейингисида бемалол кетиш мумкин, — деди у.

Афсуски, вазирлик вакили ўта жўн, умумий, лекин самарасиз таклифни ўртага ташлагани кўпчиликнинг ғашига тегди. Учрашув иштирокчилари, ҳатто, “Охирги марта қачон жамоат транспортида юргансиз?” дея киноя ҳам қилишди. Зеро, кўпчилик бу усулни қўллаб кўргани, оқибат, навбатдаги транспорт аввалгисидан ҳам тиқилинч келгани, вақт бой берилгач, “тиқилинч бўлса ҳам аввалгисида кетмабман” деб аттанг қилгани ҳам бор гап.

Ўзимдан мисол келтирай

Эрталаб ишга бориш учун 98-автобусни ярим соат кутдим. Жадвал бўйича оралиқ вақт кўпи билан 15-20 дақиқа! Демак, бу йўналишда юрадиган транспорт воситаси ҳайдовчилари учун вақтнинг аҳамияти йўқ.

Тўғри, белгиланган тартиблар йўловчилари кам баъзи йўналишлар учун қўлайдир, аммо аҳоли серқатнов жойларда бу усул ўзини оқламаяпти. Оқибатда йўловчилар вирусни юқтириб олиш хавфи икки ҳисса ошмоқда.

Хўш, бу масалада соҳа масъулларида тайинли жавоб борми?

Ислом Омон

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: