Халқ таълими вазирлигига мурожаат

Яқинда ўқитувчилар билан гаплашиб қолдим. Депутат сифатида муаммоларини сўрагандим, “қайси бирини айтайлик” дея навбати билан гап бошлади. Сиз ҳам бир қулоқ тутинг, муаммолар шахсий эмас…

Шу вазирликдагилар мактабнинг нонини емаганига яна бир бор амин бўлдим-да. Мана, яна бир нотўғри қарор: вазирлик кунлик конспектни бекор қилиб, ўқитувчини “қуролсиз уруш”га ташлади”.“Ўқитувчи дарсга тайёргарликсиз, конспектсиз кириши мумкинми?! Тажрибалилар бир амаллаяпти, лекин ёшлар умуман эплолмаяпти. “Дарсга тайёргарлик кўр, бирон нарса тайёрла” десангиз баъзи бирлари оғзингизга уради, конспект ёзиш мумкин эмас деб.

Мактаблар замонавий ўқув техникалари билан тўла таъминланганида ҳам бошқа гап эди. Лекин ўқитувчининг қўлида ҳамон бўр ва латтадан, ранги ўчиб кетган доскадан бошқа ҳеч нарса йўқ, ҳатто пойтахт мактабларида ҳам.

Электрон кундаликка ҳам жуда шошдик. Аввало ўқитувчиларни ноутбук, ҳеч бўлмаганда планшет, мактабни эса тезкор интернет билан таъминлаш муаммосини ҳал қилиш керак эди.

Яхшиям қўлимизда “сенсор”ли шахсий телефонимиз бор, амаллаб баҳоларни киритамиз. Телефони йўқларнинг куни эса яна мактабнинг интернети номига ишлайдиган компьютерига қолмоқда. Ахир баҳолар дарс пайтида, ўқувчиларнинг кўз олдида қўйилиши керак эмасми?”.

Мактаблар рейтингини ўқувчиларнинг Олий таълимга кириши билан белгилаш ҳам нотўғри қарор бўлди. Ҳозир 11-синф ўқувчиларининг аксарияти дарсга келмаяпти. Яъни, уларга дарс пайтида ҳам “репетитор”га қатнашга рухсат берилган. Ахир директор ишдан кетишни хоҳламайди.

Ўқувчиларга ижарага дарсликлар берилади, лекин ўқитувчининг қўлида китоби йўқ! Устозлар қачонгача ўқувчиларнинг китобидан фойдаланади?.

Устозлар ушбу муаммолардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни ўртага ташлади:

Конспект тайёрлаш масаласини мактаб ихтиёрига қўйсин. Педкенгашнинг ўзи ҳал қилсин, ким конспект ёзиш, ким ёзмасликни. Вазирлик мактабни ноутбук ёки планшет билан таъминлай олмас экан, ҳеч бўлмаганда, ўқитувчиларга фоизсиз кредитга планшет олиш имкониятини яратсин. Ўқитувчилар ҳам бунга жон-жон деб рози бўлади.

Мактабларни ўқувчиларнинг Олий таълимга кириши билан баҳолашни тўхтатиш керак. Бу мактабнинг эмас, “репетитор”нинг меҳнати экани вазирликдагиларга ҳам яхши маълум-ку. Қолаверса, бу билан яна таълимдаги муаммоларни яшираяпмиз, холос. Ўқитувчиларга текин ёки ижарага дарслик беришни йўлга қўйиш керак.

Жаҳонгир ЗИЯЕВ
ЎзМТДП депутати

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: