Ўзига бино қўйиш – бахтсизликдир

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “худбинлик (форсча сўз) — манман, эгоист, ўзинигина кўзловчи, ўзини ёки ўз манфаатини ҳаммадан устун қўювчи”, де­йилган. Кишининг ўз манфаати доирасида ўралашиб қолиши, бошқалар билан ҳисоблашмай, фақат ўз фикрини маъқуллаши, шахсиятини юқори қўйиши худбинликни келтириб чиқаради. Инсон феъл-атворидаги қусурлардан яна бири манманлик бўлиб, у кибрдан фарқланади. Ўзидаги неъматлар билан ғурурланиб, ўзини кўз-кўз қилиб юрадиганлар манманликка моил одамлардир. Кибр эса ўзини бошқалардан устун ҳисоблаб, ҳақ гапни тан олмасликдир.

Ҳадислардан бирида ривоят қилинишича, бир куни одамлар пайғамбаримиз (с.а.в.)дан “кибр нима?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларга паст назар билан қарашлик”, деб жавоб бердилар. Манманлик ўзини ҳаммадан ортиқ яхши кўриш ва ўзидаги нарсалардан кеккайишдир.
Алишер Навоий бобомиз “Маҳбуб-ул қулуб” асарида “Ўзига бино қўйишлик – бахтсизликдир, бунинг фарқ ва даражалари бор. Худбиннинг ҳар бир иши ўзига яхши кўринади, лекин бу кўримсиз қилиқда фарқлар кўпдир”, деб ёзади. Халқимизда худбинлик ҳамиша ёмон одат сифатида қораланади. Худбинлик одамни адаштиради.

Донишмандлар худбинликнинг келиб чиқиш сабаб­ларини қуйидагича изоҳлашади:
– Баъзи инсонлар ўзларини ҳаддан ортиқ яхши кўриши;
– Ўзларини бошқалардан устун қўйиши;
– Айрим кишиларнинг манман ва кибрли экани.

Инсон табиатида ўзини яхши кўриш ҳисси мавжуд. Имом Ғаззолий муҳаббатнинг беш тури ҳақида фикр юритиб, инсоннинг ўзига, ўзининг аъзоларига, саломатлигига муҳаббатини биринчи ўринга қўяди. Унингча, бу муҳаббат Аллоҳ, ота-она, қариндош-уруғ, дўст-биродар, муҳтож-эҳтиёжмандлар хизматида бўлишга имкон яратувчи восита ҳисобланади. Худбинлик муҳаббат ҳиссига эмас, нафсга, ҳирсга асосланади ва адолатсизлик, инсофсизлик, бераҳмлик каби иллатларда намоён бўлади. Худбинликнинг акси бўлган олижаноблик (жўмардлик) ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бинобарин, инсоннинг ўзига муҳаббати бошқаларга нисбатан муҳаббатни инкор этиши бу қоида бузилганини, худбинлик бошланганини англатади.

Салбий ахлоқий сифат дея баҳоланадиган худбинлик манфаатпарастлик ва шахсиятпарастлик демакдир. Худбин одам ўз манфаати йўлида ҳеч кимни, ҳеч бир жамоа ёки жамиятни тан олмайди. Бундайлар фойда келмайдиган кишига манфаат етказишни хаёлига ҳам келтирмайди. Ўзи эга бўлган неъматга, бирор мавқега бошқалар ҳам эга бўлишини хоҳламайди. Худбинлик шайтон нафсига дохил йўллардан биридир. Бу иллат туфайли шайтон инсонни залолатга бошлайди, балога йўлиқтиради. Инсоннинг худбинлиги, манмансираши уни ҳалокат гирдобига бошлайди. Инсон ўзини доимо тергаб туриши лозим. Ўзида дастлабки аломатлари сезилиши билан, илдиз отмай туриб, худбинликка барҳам бериш чораларини кўриши, нафснинг ҳар хил орзуларини чегаралаши керак. Айни иллатнинг давоси саналмиш олижаноблик яхши кўринган нарсани бошқаларга баҳам кўришдир. Олижаноблик хислати инсоннинг қадрини оширади, муаммоларнинг осонлик билан ечилишига сабаб бўлади. Бу хислатни фарзандларимизга ёшлигидаёқ сингдириб боришимиз лозим. Фарзанд – ёш ниҳол. Камтар қилиб ўстирсак, у келажакда ўз ўрнини топади. Зеро, яхши инсон ҳўл шохга ўхшайди: эгилади, аммо синмайди. Худбин киши эса қуруқ шохга ўхшайди, уни тортсанг, синади.

Ҳар бир инсоннинг табиатида худбинлик, мақтанчоқлик, кибрга нисбатан майл бисёр. Инсон ўз табиатидаги бундай майлларни ақл орқали таниб, “Камтарга камол, манманга завол”, деган мақолни ёдга олиб, ўз нафсига насиҳат қилиши лозим. Зеро, инсон худбинлик ва манманликдан сақланиб, ўз шахси ва жамият учун катта манфаат келтиради, икки дунё саодатига эришади.

Руҳиддин АКБАРОВ,
Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: