Янги агентлик коррупцияни йўқота оладими?

Ахборот технологиялари ривожланган бугунги даврда ижтимоий тармоқларда турли масалаларда фаол муҳокамаларга гувоҳ бўламиз. Хусусан, коррупция ҳолатларига нисбатан очиқ ва кескин фикрлар билдирилади. Лекин шундан бирон фойда бўлаяптими? Рости, баъзан бу «тош»лар ҳавога отилаётгандай бўлиб туюлади.

Дунё тажрибасида бу борада жамоатчилик иштироки муҳим ўрин тутиши барчага маълум. Фақат гап шундаки, ҳолва деган билан оғиз чучимайди, деганларидек, оддий одамларнинг, халқнинг фикри давлат идораларида мустаҳкам ўрнашган бир гала ўғрию талон-торожчиларга зарба бера оладими, у билан биров ҳисоблашадими ўзи? Уни таъсирчан кучга айлантириш учун нималар қилиш керак ва шунда қандай натижага эришилади? Умуман олганда, таъсирчан жамоатчилик назорати коррупцияга қарши курашишда қай даражада муҳим?

Давлат идораларида мустаҳкам ўрнашган бир гала ўғрию талон-торожчиларга зарба бериладими?

Барча ҳолатлар оммага ошкор қилинади

— Кутилаётган энг катта ўзгаришлардан бири агентлигимиз жамоатчилик билан иш олиб боради, — дейди Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурҳонов. — Фуқаролар билан алоқа ўрнатиш имконини берувчи платформа ишга туширилади. Коррупция билан боғлиқ қандай ҳолатлар бўлса, бизга мурожаат қилишлари мумкин, биз тезкор чораларни кўрамиз. Яъни фаолиятимиз фақатгина жиноий таъқиб билан шуғулланишдан иборат эмас. Мақсадимиз – катта бўладими, кичикми, ҳар қандай даражадаги коррупцияни аниқлаш. Даромадларни декларациялаш, ҳокимларнинг хатти-ҳаракатлари, давлат харидлари бўйича назорат юритилади.

Афсуски, ҳозиргача давлат бюджетидан пул ўзлаштириш ҳолатлари ҳатто коррупция дейилмаган.Охирги олти ой-бир йилда катта масштабдаги давлат харидлари ёки давлат томонидан молиялаштирилган объектлар бўйича ҳолатларни кўрдик. Бу ишлар жамоатчиликка ошкор қилиниши керак. Энг кичик ишларгина ОАВ орқали кўрсатилиб, катта жиноятлар кўрсатилмаган. Биз жиноятни катта-кичиклигидан қатъи назар процессуал тартиб-қоидаларга амал қилган ҳолда оммага ошкор қилинишини таъминлаймиз.

Ҳозиргача давлат бюджетидан пул ўзлаштириш ҳолатлари ҳатто коррупция дейилмаган.

ННТлар расмиятчиликдан ортмаяпти

Маълумки, жамоатчилик назорати ҳақида гап кетганда, мамлакатимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари чиройли сўзларни қалаштириб, ўзларини бу борада фаол қилиб кўрсатишга уринишади.Аслида ҳукумат топшириқларини «лаббай» деб бажаришга одатланган мазкур тузилмалар чинданам жамоатчилик фикрини ифода этишяптими? Афсуски, бу саволга «ҳа» деб жавоб беролмаймиз. Бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган 10 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва фаоллиги сезилмаяпти. Чунки бу ташкилотлар манфаатларини ифода этувчи, давлат билан кўприк вазифасини бажарувчи яхлит тизим йўқ.

Ҳозирда жамоатчилик билан ишлаш тизими жойларда ва соҳаларда халқимизни қийнаётган масалаларни давлат миқёсига олиб чиқиб, ҳал қилишда натижа кўрсата олмаяпти. Кўп нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти расмиятчиликдан иборат бўлиб қолмоқда. Демак, бу бўшлиқни бартараф этиш хусусида чуқурроқ ўйлаб кўришга тўғри келади.

Кўп ННТлар фаолияти расмиятчиликдан иборат бўлиб қолмоқда.

Кўриниб турибдики, коррупцияга қарши курашда давлат ўз ҳолича, жамоатчилик вакиллари ўз ҳолича ҳаракат қилиб кутилган натижага эришиши мушкул. Бунинг учун, энг аввало, мамлакат раҳбариятининг мазкур масалада қатъий иродаси талаб этилади. Соҳада қўйилаётган қадамлар эса жиддий ўзгаришларга умид уйғотяпти. Шундай бўлганда, жамоатчилик назорати коррупцияни енгишда таъсирчан ва ҳал қилувчи кучга айланишига шубҳа йўқ.

Тўлқин Шернаев

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: