«Янги турмуш»нинг эски юмушлари қачон тугайди?

Ботга ёзишмоқда

Мен Тошкент вилояти Пискент тумани «Янги турмуш» қишлоғидан Алимат Йўлдошов бўламан. Мактубни қишлоқдошларим номидан йўлламоқдаман. Қарийб ўн йилдан бери қишлоғимизни туман Давлат дастурига киритиш тўғрисидаги бонг урушлар ниҳоят тинди. Мутасаддилардан ҳанузгача жўяли жавоб ололмадик. Биз истиқомат қилаётган қишлоқ «Файзабод» маҳалласига қарашли. Ҳар тугул у ерда ўтган йили «Обод қишлоқ» Давлат дастури амалга оширилди. Биз эса шу маҳалла таркибига кирсак-да, негадир дастурдан четда қолдик.

Ҳудудимиздаги муаммоларни кўплигидан қай бирини тилга олишга ҳайронман. Ёзмаган жойимиз, таққиллатмаган эшигимиз қолмади. Қишлоғимизнинг номига номуносиблиги мана ўз исботини топмоқда. Бир неча маротаба марказий газеталар саҳифасини безадик. Шундан сўнг 6 чақиримлик абгор йўлнинг атига 1,5 км асфальт қилинди-ю, қолгани «туя гўшти» еб қолаверди.

Ачинарлиси, мутасаддилар ваъдаларни беришаётганида, ё «буғдой ўримидан сўнг» ёки «пахта теримидан сўнг бажарамиз», дейишарди. Ғалла ўримида неча ўнлаб тиркамаларнинг балони ёрилди. Енгил автомобиллар йўл «териш» билан овора. Наҳотки, мурожат қилишдан биз чарчамасак, ёлғон ваъдалардан улар толиқишмаса, қачон масала ҳал бўлади. Ҳашар йўли билан бу йил ҳам чуқурларга шағал тўлдиргандик. Туман йўл қурилиш бўлимидан келган ходимлар чуқурни шағаллардан тозалаб кетишди.

Мана йигирма кундирки, улардан дарак йўқ. «Туя гўшти» еган йўлимиз, битмай «бели букилган» мактабимиз, ҳар куни ўнлаб касалларни дардига гувоҳ, на шифокор, на ҳамшира эшигини таққиллатмаган «мед пунки»тимиз ёрдамга муҳтож. Ёзнинг ярми ўтди. Қишнинг қирчилламасида йўлнинг минг азобига бу йил бардош беришимиз даргумон…

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: