Хонанда Лоланинг клипида яширин рамзлар борми?

Кеча қўшиқчи Лоланинг янги клипи чиқди. Ўйлашимча, клип яхши. Шахсан менинг клипда кўрган нарсам — у фақатгина оддий клип эмас. Бу клипда, Рамштайннинг «Дойчланд» клипи каби бир нечта ижтимоий мавзулар ёритилган. Аслида, бу клипга, ҳозирги бўлиб ўтган ва бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўзига хос «бунтарлик» деб қараш мумкин. Клипни бошиданоқ мана бу саҳнани кўришимиз мумкин:

Бу ерда биз бош қаҳрамон ниқоб таққан одам, соқолли йигит ва эпатаж билан кийинган ва сочларини кўк рангга бўяган «не формал» қизни кўришимиз мумкин. Албатта, сўнгги пайтларда «маънавиятчилар» курашаётган тоифаларни учратишимиз мумкин бу ерда. Менинг эътиборимни тортган жиҳати шу «эффектно» слоумоушн билан кириб келиш жойи бўлди. Албатта, бу эффект янгилик эмас ва мен учун бу кадрни энг маромига етказиб ишланган кадр Квентин Тарантинонинг «Биллни ўлдириш» фильмидаги эпизод.

Тарантино фильмидаги ўша эпизод.

Кейинги кадрда кўришимиз мумкинки, олдинда кетаётган қиз сочлари билан орқадаги соқолли йигитнинг айнан соқолига зарба бермоқда. Бу кадрни сўнгги пайтларда соқолнинг тақиқланиши ва соқоллиларга қарши рейдлар уюштирилгани бўйича воқеаларга қиёсладим.

Совпадение? Не думаю)

Клипдаги ниқобли йигит. Менимча, бу образда жамият ва давлатнинг эркин фикр ва сўз эркинлигига тоқатсизлиги акс этган. Албатта, балки бу йигит шунчаки съёмка куни грипп бўлиб қолгандир, лекин мен нимагадир шундай деб ўйлаяпман. Ўзгалар фикрига тоқатсизлик, ҳақиқатни гапирмоқчи бўлган инсоннинг оғзини ёпиш ёки одамлар нима дейди, деб индамай юриш каби ҳолатларга қиёс қилиш мумкин.

Мана бу кадрда эса, Лола бу видеони оддий бир клип эмаслигини кўз қисиш орқали гўёки бизга ишора қилмоқда.

Клипда кўтарилган яна бир ижтимоий муаммолардан бири — бизда патриархал жамият тузилгани, деб ўйлайман. Аслида, қонун бўйича биз абсолют гендер тенглигига риоя қилсак-да, жамиятимизда кўп ҳолларда аёллар фикри билан қизиқмаймиз. Хотин дегани бизда хизматкор, келинлар эса қул. Аёлларга нисбатан жамиятдаги дискриминация мана шу кадрда акс этган.

Бир томонда Лола билан фақат ўғил болалар ва иккинчи томонда яккаланган шу қизалоқ.
Мана бу кадрдаги жизғанак шашлик эса ҳеч кимни эслатмаяптими? (Тасаввуримни қара)

Бу ерда ёш йигитларнинг агрессив равишда шашликни тишлаганларини жамиятимизда сўнгги пайтда урчиган жанжаллар, пичоқбозлик ва қотиллик ҳолатларнинг акси, деб ўйладим. Ёки яқинда бир амалдорнинг «Биз кўп гўшт еворяпмиз» деган гапларига ишора бўлиши мумкин.

Ва, албатта мана бу кадрда афсонавий «Битлз» гуруҳининг машҳур расмига ишора қилиняпти.

Яна жуда кўп кадрларда вилоятликларга ишоралар қилинган ва Лола ҳам прописка тизимига қарши.

Бу ерда эса сўнгги пайтларда клиплар ва киноларимизнинг ичида ҳомийларнинг махсулотларини сюжетга қўшиб, реклама қилишлар кўпайиб кетгани троллинг қилинмоқда.

Бу кадрда Лола рўмолли аёлларни қучоқлаб турибди ва уларнинг ҳам оддий ўзимизнинг одамлар эканликларини тушунтирган ҳолда улар билан ҳам бирга эканлигини кўрсатмоқда.

Буларнинг барчаси, албатта, шахсий фикрларим, балки Лола шунчаки «эффектный» клип суратга олгандир ва мен ўзимча бунда ҳар хил ишоралар кўраётгандирман. Лекин ўйлаб кўришга арзийди, менимча, нима дедингиз?

Нурбек Алимов

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: