Яхши ташаббусни “Хўжам кўрсин”га айлантирмайлик

Маълумки, жорий йилнинг июнь-авгyст ойларида республикамизнинг барча маҳаллаларида хонадонлар ва кўчаларни обод ҳамда кўркам қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига кўра, бу  тадбир “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!” шиори остида ўтмоқда.

Таассуфки, “Обод маҳалла — обод кўча — обод хонадон” тамойили асосидаги ушбу ташаб­бус бошлаб юборилганига ярим ойдан ошган бўлса-да, айрим мутасаддилар масалага жиддий эътибор қаратмаяпти. Натижада жойларда талай камчиликлар кўзга ташланмоқда. Баъзи ҳудудларда бу борада яққол сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Яқинда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида маҳаллаларда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини амалиётга жорий этиш жараёнида учраётган муаммоларни бартараф қилишга қаратилган видеоселектор йиғилишида айнан шундай камчилик ва нуқсонлар кескин танқид қилинди .

Маълум бўлишича, Бухоро вилоятининг Бухоро, Қоракўл, Ромитан, Пешку туманлари ва Бухоро шаҳрига Ҳаракатлар режаси баёни ва ҳуқуқий ҳужжатлар ҳалигача етиб  бормаган. Нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг аҳолига мурожаати эса Бухоро туманидаги “Шергарон”, Қоракўл туманидаги “Хўжалар” маҳаллаларига, Ромитан туманида эса бирорта ҳам маҳаллага етказилмаган. Самарқанд, Фарғона, Андижон, Тошкент, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги кўча ва хонадонларни ободонлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмас. Масалан, шу вақтга қадар Пайариқ туманида 1 та, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 3 та, Яккасарой туманида 5 та, Қува туманидаги мавжуд 65 та маҳаллада 10 кун мобайнида бор-йўғи 29 та хонадон таъмирланган, холос. Бухоро вилояти Бухоро туманидаги “Шергарон”, Ромитан туманидаги “Зарафшон”, Пешку туманидаги “Қучоқ”, Бухоро шаҳридаги “Тўқимачи” маҳаллаларида бирорта хонадон таъмирланмагани масъулларнинг “Кўча хандон, кўланкаси майдон” эканини кўрсатади.

Аслида, режага мувофиқ, бир кунда битта маҳаллада битта хонадон таъмирлаб борилса, республика бўйича бир кунда 9 145 хонадон таъмирланиши керак. Таассуфки, айни жараёнда кўзбўямачилик билан “хўжам кўрсин” учун ишлаётган айрим мутасаддиларнинг боқи беғамлиги ортидан ишлар суръати суст. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиевнинг таъкидлашича, “Обод маҳалла — обод кўча — обод хонадон” тамойили асосида таъмирланган, деб маълумот берилган баъзи хонадонлар таъмирланмаган бўлиб чиқмоқда.

Жорий йилнинг 19 июнь ҳолатига кўра, Сурхондарёдаги мавжуд 64 минг 890 та таъмирталаб хонадоннинг
12 минг 342 таси ёки 19 фоизи таъмирлангани тўғрисида Республика штабига маълумот берилган. Бироқ ўрганишлар шуни кўрсатадики, рўйхатда тилга олинган Қизириқ туманидаги “Янги кент”, Ангор туманидаги “Навбаҳор”, “Карвон”, Жарқўрғон туманидаги “Пахта заводи”, “Жарқўрғон минораси” маҳаллаларидаги таъмирталаб хонадонларда ҳеч қандай ободонлаштириш юмушлари бажарилмаган.

Пойтахтимизга энг яқин ҳудуд Тошкент вилоятидир. Марказда қабул қилинаётган ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат самараси, ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ижроси, аввало, айни вилоятда бўй кўрсатмоғи керак. Афсуски, Янгийўл шаҳри ҳамда Янгийўл, Чиноз, Қуйи Чирчиқ туманлари масъуллари, сектор раҳбарларининг юқорида келтириб ўтилган Ҳаракатлар режасида белгиланган вазифалардан ҳануз тўла хабардор эмаслиги, маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва камбағал оилаларнинг таъмирланадиган хонадонлари рўйхати етарли даражада шакллантирилмагани ҳафсалани пир қилади.

Ҳаракатлар режасида белгиланган асосий ва муҳим вазифалардан бири ёшлар, аёллар бандлигини таъминлаш, аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш, камбағал оилаларни камайтириш бўйича ҳар бир маҳаллада аниқ дастyрлар ишлаб чиқиш, уйма-уй юриб, маҳаллабай ёрдамга муҳтож оилаларни “Ўзини ўзи банд қилиш” эвазига камбағалликдан чиқаришдир. Жойларда бу борадаги ишлар тизимли олиб бориляпти, деб бўлмайди. Келинг, аниқ мисолларга мурожаат қилайлик. Айни пайтда Наманган вилояти Чуст тумани бўйича 1 931 хонадон камбағал оила сифатида рўйхатга олинган, бироқ ҳанузгача уларни камбағалликдан чиқариш бўйича бирор аниқ чора кўрилмаган.

Навоий вилоятининг Хатирчи, Конимех, Томди туманларида ҳам камбағалликка қарши курашиш йўлида амалга оширилган ишлар талаб даражасида эмас. Тошкент вилоятининг Чиноз, Оҳангарон туманларида атиги икки, Нурафшон шаҳри ҳамда Тошкент, Бекобод туманларида уч нафардан, Бўстонлиқда беш, Оққўрғонда олти нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланган. Янгийўл шаҳрида эса ҳамон эски тос, эски ҳаммом. Белгиланган бирламчи вазифалар ижроси шундай аҳволда экан, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ҳамда “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгашлари аъзолари ва ижтимоий фаол кексаларни профилактик ҳисобда турган ёшлар, эҳтиёжманд ва камбағал оилалар фарзандларига касб-ҳунар ўргатиш учун бириктириш, хонадонларни обод ва кўркам қилишда кексалар маслаҳатидан фойдаланиш, ҳомийлар ва ёшларни жалб этган ҳолда якка-ёлғиз кексалар хонадонларида (томорқаларида) ҳашарлар уюштириш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Юқоридаги рақамлардан хулоса қилиш мумкинки, аксарият мутасаддилар ушбу ҳаракат нима мақсадда олиб борилаётганидан бехабар. Хабари бўлганлар ҳам “Биздан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш тутаётгани ачинарли. Бундай кўзбўямачиликнинг кимга кераги бор? Халқ дарди, муаммолари шу йўл билан ҳал этиладими? Кўмак сўраб чўзилган қўлларни қуруқ қолдириб, мазлум қалблар қучоғини пуч ёнғоққа тўлдирамизми? Ёлғон ҳисоботлар, қўл учида бажарилган ишлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Буни наҳотки англаш қийин бўлса?!

 Мақсад ва муддаомиздан “обод” деган пок сўз ўрин олар экан, ободликни, аввало, ўзимиздан — кўнглимиздан, виждонимиздан бошлайлик.

Зебинисо ҲАЙИТОВА,
“Nuroniy” мухбири

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: