Ёдгор Саъдиев

Нима учун машҳур?

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби. «Шайтанат» фильмидаги Асадбек роли ижрочиси. Бугун унинг туғилган куни.

Қандай машҳур бўлган?

Ёдгор Саъдиев 1946 йил 12 июнда Тошкентнинг Себзор даҳасида туғилган. Отасининг вафотидан икки ой ўтиб дунёга келгани боис исмини Ёдгор қўйишган. Отаси — машҳур артист Ҳабиб Саъдиев уруш йиллари ҳаётдан кўз юмган. Бўлажак артист дастлаб қурилиш техникумида ўқиган. 1964 йили эса уни «Пахтакор» футбол жамоасига ишга таклиф қилишади. У жамоадаги биринчи дарвозабон бўлган. 1971 йилда Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тугатади. 1968 йилдан ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида ишлай бошлайди. Унинг саҳнадаги илк образи «Мирзо Улуғбек» спектаклидаги Франция элчиси ролидир. У Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсуповани устози деб билади. 1983 йил «Рўё» спектаклидаги Филипп роли учун «Йилнинг энг яхши эркак роли» унвонини олади. 1998 йилдан буён «Қалқон» студиясининг бадиий раҳбари бўлиб келмоқда. Мазкур студияда суратга олинган «Шайтанат» видеофильмида бош ролни ижро этиш билан бирга 7-қисмдан 20-қисмгача режиссёрлик ҳам қилган. Бу фильмда унинг акаси Хайрулла Саъдиев ва набираси Жаҳонгир Саъдиев ҳам роль ижро этишган. 2000 йил «Шайтанат»нинг 12 та қисми экран юзини кўргач, оғзаки равишда тақиққа учрайди. Орадан 20 йил ўтиб эса фильмнинг кейинги қисмлари (21-қисмдан ташқари) намойиш этилди. Дубляжда эса Ёдгор Саъдиев 700 га яқин фильмларга овоз берган. Ёдгор Саъдиевнинг рафиқаси Зайлихон Саъдиева санъатшунос олима эди. У 2015 йил вафот этган. Уларнинг икки нафар фарзанди бор: Ҳабибулло ва Мунисхон.

Машҳур нима дейди?

«Санъатда ўзингни эмас, ўзингдаги санъатни севгин».

«Мен ҳар доим битта ролдан сўнг 3-4 йил танаффус қилганман. Менимча, санъаткор томошабин учун бироз мавҳум, сирли бўлиши керак».

«Асадбекдан менга ўтган нарса шу эдики, менда суратга олиш жараёнидан кейин ҳам икки йил йўталиш одати давом этди».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: