Юмшоқ курсида мудраб ўтирган ноиб

Халқимиз ҳуқуқий-демократик давлат қуришга бел боғлади. Неча-неча авлодларга армон бўлган бу ардоқли орзуга етмоқ осон эмас, албатта. Зеро, ҳақ-ҳуқуқлар ҳеч бир замонда қўшқўллаб тутқазилмаган, ҳурриятга курашлар ила эришилган. Фуқаролик жамиятининг шарту талаблари бисёр. Улардан энг муҳими – чин маънода халқ ҳокимияти тамсилчиси бўлган парламентни барпо этмоқдир!

Хўш, Ўзбекистоннинг янги парламенти шиддаткор давр ила ҳамқадам бўла оладими? Депутату сенаторлар миллат дардига дармон бўлмоққа қодирми? Бу борада уч замондошимиз фикрлари билан танишинг.

Халқ ноиби яллачичалик таъсирга эга бўлмаса…

Дилфуза КОМИЛ, публицист:

– Ўтган чорак аср мобайнида ислоҳотлар ҳақида кўп ва хўб гапирилди-ю, амалий иш камроқ бўлди, назаримда. Миллий парламентни ҳам аксар юмшоқ курсиларда мудраб ўтирадиган, шароитга тез мослашувчан, эл-юрт учун жон койитгиси келмайдиган, қарсакбоз, юқорининг изнисиз бирон иш қилолмайдиган депутатлар эгаллаб олган эди. Айнан уларнинг «шарофати» билан бугунги депутатларга ҳам халқнинг ишончи сустроқ. Тўғри-да, маиший муаммолар ҳақида жар соладиган, катта муаммолардан гап кетса аравани қуруқ олиб қочадиган, халқ дардидан йироқ депутатларга ким ҳам ишонсин?! Янада дангалроқ айтсак, халқ орасида жиллақурса яллачичалик таъсирга эга бўлмаган ноиблар билан улкан сиёсий ислоҳотлар қилиш мумкинми?!

Сирасини айтганда, янги Ўзбекистоннинг пойдеворини барпо қилишда бизга талабчан парламент; миллатпарвар, билимли ва салоҳиятли депутатлар; ҳақиқатни кўрсатишдан қўрқмайдиган, халқнинг юрагидагини баралла айта оладиган, моддий асоси бақувват, ҳуқуқ ва эркинлиги тўлиқ ҳимояланган матбуот; мустақил судлар, эркин касаба уюшмалари керак. Буларсиз коррупция ва амалдорлар бюрократиясини енгиш, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш ва демократияга эришиш амримаҳол.

Депутат ва сенаторларимиз айни шу ҳақиқатни унутмасликлари ва унинг рўёби йўлида ҳаракат қилишларини истаймиз. Зеро, биз уларни кўплар ичидан танлаб олдик, уларга ишонч билдирдик. Бизга ислоҳотлар қойилмақом натижалар бераётганидан лоф урадиган оғизботирлар эмас, ваъдасига вафодорлар керак.

…Рассомларнинг катта бир кўргазмасида олий мукофотга лойиқ кўрилган суратни кўрган деҳқон бирдан жаҳлланиб:

– Шу ҳам расмми?! Келиб-келиб шунга мукофот берилдими? –  дея эътироз билдирибди.

– Нимаси ёқмади сизга? – дея ҳайрон бўлиб сўрабди ҳайъат аҳли.

– Ўзи чиройли чизилган-у, лекин ҳақиқатга тўғри келмайди-да, – дебди деҳқон.

– Хўш, нимаси?

– Бунчалик бўлиқ пишган бошоқ тик бўлмайди, эгилиб туради. Мен деҳқонман, даламга буғдой экаман. Бунақа нарсаларни сизлардан яхшироқ биламан…

Дарҳақиқат, халқ баридан хабардор. Энди уни кўркам суратлар, жимжимадор гаплар билан алдаб бўлмайди.

Парламентнинг ҳақиқий қонун чиқарувчи идорага айланиши кўп жиҳатдан халқнинг ўзига ҳам боғлиқ. Агар сайловда бефарқлик қилинган, лойиқлар қолиб, нолойиқлар сайланган бўлса, бунга ўзимиз ҳам айбдормиз. Демак, фаол бўлолмадик, жамоатчилик назоратини йўлга қўймадик, эътироз билдирмадик, кўнглимиздагини дадил айтмадик, гапимизни ўтказа олмадик…

Мамлакатимизда ўтган йиллар мобайнида ишлаб чиқилган қанчадан-қанча дастуру режалар ўзини тўлиқ оқламади. Ваҳоланки, уларга казо-казо сиёсатчию иқтисодчилар жалб қилинган, қанчалаб харажату вақт сарфланган эди. Лекин натижа бўлмади. Нега? Чунки ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи асосий куч бўлган халқ фикри билан ҳисоблашилмади.

Бугун ўтмиш адашувларига барҳам бериш, мамлакатни ислоҳ қилишдек мураккаб синовлар бизнинг чекимизга тушиб турибди. Жамият миқёсидаги ҳар қандай ислоҳотни муваффақиятли амалга ошириш учун аввало онгу тафаккуримизда ўзгариш ясашимиз, ўзимизни ислоҳ қилишимиз шарт. Бир ҳовуч тўраларнинг манфаатига эмас, халқ манфаатига мос иқтисодиёт барпо этилмоғи даркор!

Халқимиз демократияни ўз қадриятлари қаторига қўшишга тайёр. У энди кўр-кўрона бўйсунишни истамайди, ҳаётининг барча жабҳаларида қонун устувор бўлиши тарафдори. Демак, демократия сиёсий жараёнлигича қолавермай, халқнинг турмуш тарзига сингиши керак.

Бу каби эзгу мақсадларнинг рўёби учун давлат бош ислоҳотчи сифатида қонун устуворлигининг асосий кафили бўлмоғи; парламент ҳақиқий халқ вакилларининг мажлисига айланмоғи; халқ эса ҳар соҳада фаолу ташаббускор бўлмоғи лозим. Зеро, итальян шоири Данте Алигьери айтганидек, «Дўзахнинг оловли ҳалқалари маънавий синов даврида бир четда бефарқ турган кимсаларга аталгандир».

Парламент ваколатларидан тўлиқ фойдалана оляптими?

Алишер Умирдинов, Нагоя иқтисодиёт университети профессори (Япония):

– Янги парламент Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган   ваколатлардан тўла-тўкис фойдаланмоғи   лозим. Назаримда, Ўзбекистон парламентаризмининг яқин кечмиши мобайнида кузатилган асосий кемтиклик ҳам шу бўлди: депутатлар ўзига берилган ваколатларни тўлиқ истифода эта билмади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига муайян масалалар бўйича тушунтириш сўраб парламент сўрови йўллаш ҳуқуқига эга. Айни чоқда, давлат ҳокимияти идоралари мансабдорлари парламент сўровига белгиланган муддатда жавоб бериши шарт. Ўтган йиллар давомида парламент аъзолари мазкур ҳуқуқдан самарали фойдалана олмади. Дейлик, Қозоғистон парламенти аъзолари 2019 йил декабрь ойида турли давлат ташкилотларига 25 та депутатлик сўрови йўллаган. Қўшни мамлакат парламенти сайтида депутатлик сўрови натижалари ҳам аниқ кўрсатилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтида эса бу борада бирон маълумот топа олмадик…

Халқ ўзи сайлаган депутатлар қандай фаолият юритаётганидан хабардор бўлиши керак. Парламентнинг очиқлигига эришишда ахборот-коммуникация технологиялари муҳим аҳамият касб этади. Масалан, Япония парламентининг ялпи мажлислари, ҳатто қўмиталар йиғилиши жонли тарзда эфирга узатилади, шу билан бирга, уларнинг тўлиқ баёни (стенограмма) ҳар икки палата сайтида эълон қилинади. Бизнинг парламент ҳам ўз электоратига мунтазам ҳисоб бериб туришда ахборот технологияларидан кўпроқ фойдалангани маъқул.

Олий Мажлис томонидан чорак асрда қабул қилинган қонунлар сони 3 мингдан ортиб кетди. Японияда эса жами қонунлар саноғи 2 мингни ташкил этади. Албатта, парламентимизнинг сермаҳсуллиги таҳсинга сазовор, аммо депутат ва сенаторларимиз эндиликда қонун меъёрларининг Конституция тамойилларига мувофиқ келиши, кенг халқ оммаси манфаатларини ифодалаши каби жиҳатларга жиддийроқ эътибор бермоғи лозим.

Халқаро ҳуқуқ мутахассиси сифатида яна бир муаммоли ҳолатни гапирсам. Мамлакатимизнинг халқаро шартномаларга қўшилиши илгари Олий Мажлис қарорларида тасдиқланган бўлса, икки палатали парламент тизимига ўтилгандан буён қонун йўли билан амалга оширилмоқда. Лекин бу жабҳада ҳам қилинадиган ишлар талайгина. Хусусан, халқаро шартномалар бўйича умум истифода этиладиган маълумотлар базаси йўқ. Халқаро нормаларнинг миллий ҳуқуқ тизимимизга татбиғи (имплементацияси) ҳам нисбатан секин кечади. Қолаверса, Ўзбекистон қўшилган кўплаб халқаро шартномалар давлат тилига ўгирилмаган, уларнинг аксари рус тилида.

«Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенция нормалари миллий қонунчиликда ҳам ўз аксини топган. 100 га яқин қонунларимизда аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани эътироф этилган. Аммо конвенцияга зид келувчи ҳолатлар ҳам мавжуд. Масалан, университетларга кириш имтиҳонида ҳарбий хизматни ўтаган йигитларга қўшимча балл берилиши опа-сингилларимизнинг таълим олиш ҳуқуқига маълум маънода дахл қилади. Зеро, конвенциянинг 10-моддасида грант ажратишда эркак ва аёллар камситилмаслиги лозимлиги қатъий белгиланган.

Парламент қонунларни қабул қилиш билан чекланмай, уларнинг ҳаётга татбиқ этилишини ҳам назорат қилиши, суиистеъмол қилинишига қарши туриши лозим. Зеро, ҳокимият тармоқларининг бир-бирини ўзаро тийиб туриш тамойили ана шундай қатъий назоратни талаб этади.

Бўлар-бўлмасга чапак чалишдан уялайлик

Алишер НАЗАР, публицист:

– Кейинги йилларда жамиятимиз ҳаётида рўй берган энг катта ўзгариш одамларга ўз фикрини айтиш имкони берилгани бўлди. Бундан халқимиз қай даражада фойдаланмоқда – бошқа масала. Асосийси, мамлакатимизда эркин сўз муҳити шаклланмоқда. Лекин бу ҳали янги Ўзбекистон барпо этилди дегани эмас. Мен янги Ўзбекистонни янги парламент тимсолида кўргим келади. Аммо, не қилайки, бу борада иштибоҳим бор.

Халқ билан ҳукумат ўртасидаги кўприк – минглаб инсонлар номидан гапирадиган депутат аввало шахс бўлиши керак! Шахс – бўлар-бўлмасга чапак чалишдан уялади. Шахс – бир ёқадан бош чиқариб фикрлашни хоҳламайди. Бир сўз билан айтганда, шахс – яратади!

Кўп миллионли аҳоли ичидан сараланган депутат давлат машинасининг мурвати бўлиб қолиши керак эмас. У бошқарувчи бўлсин! Ана шунда ҳамма-ҳаммаси ўзгаради. Бугунги парламентда эса ана шундай шахслар етишмайди, назаримда. Борларининг ҳам овози «хор жамоа»нинг қарсаклари ичра эшитилмаяпти.

Ахир, дунёга боқайлик, нималар бўляпти? Яқин Шарқ можаролари «сценарий»сини кимлар ёзяпти? Афғонистондаги сиёсий вазият энди қай томонга ўзгаради? Жаҳондаги империалистик давлатлар нега Марказий Осиёга сармоя ётқизишга уринмоқда? Бу «меҳрибонлик»нинг ортида нима турибди? Ушбу вазиятда Ўзбекистон қандай позицияда бўлгани маъқул? Афсуски, қонун чиқарувчи идорамиз аъзолари кўпинча шу каби халқаро масалаларда жўяли фикр билдирмайди.

Назаримда, депутатларимиз ҳали ҳам зимдан эркинлик берилган ҳудудлардагина ҳаракатланяпти. Қаердадир кўринмас «нозир» бор. У ҳаракат йўналишини кўрсатиб туради гўё. Балки ўша «нозир» унинг ичидадир… Янги парламент депутатлари энг аввало ана шу қўрқув ҳиссини енгиши керак.

Яна бир мулоҳаза. Юртимизда буткул янги кадрлар сиёсати амалга оширилмас экан, ўзгаришлар қийин кечади. Аллақачон боқимлик ва маддоҳлик касалига мубтало бўлган беморлар билан узоққа бориб бўлмайди. Сенаторлар рўйхатини кўринг, уларнинг аксари «эски уйимиз»ни қурган бинокорлар-ку! Йиллар бўйи қарсак чалиб ўтирган одам ўзгариши ё бирон жойни ўзгартириб юборишига ишониб бўладими?! Чорак аср Олий Мажлисда ишлаб, парламентаризм нима эканини билмай юрган эканмиз, деган замондошларимиз қандай каромат кўрсата олади?!

Ўзбекистонинг янги қиёфасини мутлақо янгича фикрлайдиган, қалбан ва руҳан озод шахслар яратади. Ўз навбатида, давлат идоралари ҳам эркин фикрга хайрихоҳ бўлмоғи лозим.

Беморни муолажа қилаётган табиб аввало танадаги касаллик ўчоғини топиши шарт. Акс ҳолда, унинг ҳамма уринишлари бефойдадир. Вақтинчалик оғриқ қолдириш билан иш битмайди. Касаллик ўчоғи бартараф қилинса, вақт ўтиши билан унинг асоратлари ҳам йўқолади.

Боқимлик ва маддоҳликка мубтало бўлган жамият бемор одамга ўхшайди. Шу маънода бугун биз муолажага муҳтожмиз. Ошиғич чора кўрилмаса, биқиқ бир муҳит пайдо бўлади. Бутун бошли авлодлар қанот ёзолмай қолади, бузуқ ҳаводан нафас олиб улғаяди.

Хўш, нима қилмоқ керак? Бизнингча, даво йўли будир: хўжакўрсин қарсакбозлик, мадҳиябозликни бас қилайлик; унвонпараст, лаганбардор кимсаларнинг баҳридан ўтайлик! Зеро, янгиланишни истаган жамиятга албатта янги қон зарур.

«Тафаккур» журналининг 2020 йил 1-сонида чоп этилган
«Орзудаги парламент» давра суҳбатидан олинди

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: