Йўқотишлар йилида йўқотганларимиз

Омон Матжон, Дилбар Икромова, Фатхулла Маъсудов, Абдураим Абдуваҳобов, Муса Ерниязов, Ўктам Барноев… бу каби элимиз суюкли кишиларининг рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Шуниси ачинарлики, миллионлаб юртдошларининг кўнглидан жой олиб, лекин бугун ёнимиздан жой ололмаганлар рўйхати бу. 2020 йил уларни орамиздан олиб кетди. Янги йилга етишмади. Бизга  таскин берадиган бир туйғу бор: шу инсонларни ҳали узоқ йиллар эслаймиз, хотирлаймиз.

Халқ шоирларини унутмайди

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло домланинг “Кафансиз кўмилганлар” асарини ҳали неча авлод мутолаа қилади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Азим Суюн ва Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг ўлмас  сатрларидан шеърият ихлосмандлари ҳали кўп баҳраманд бўладилар. Болаларнинг севимли адиби, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг шеърларини ёд олмаган ўқувчини топиш қийин. Ўзбекистон журналистларига бош-қош бўлган Саъдулла Ҳакимовнинг вафоти эса ҳамкасб-у шогирдлари учун катта йўқотиш бўлди.

Тасдиқ топган миш-мишлар

 Уларнинг вафоти ҳақида миш-мишлар тарқалганидаёқ юртдошларимиз қалбида хавотир пайдо бўлган эди. Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниёзов ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноевнинг коронавирусга чалиниш оқибатида бу оламни тарк этгани ҳақида расмий хабар тарқалди. Улар меҳнати ва фидойилиги билан халқининг кўнглидан жой олган қаҳрамонлар эди.

Тин олмас овоз соҳиблари

Ойнаи жаҳонда ҳар куни таниш овозлар, чеҳралар сизни қарши олаверади. Дубляж усталари Ғайбулла Ҳожиев, Ойбарчин Бакирова, Ҳошим Арслоновларнинг турли қаҳрамонларга берган овозлари жаранглаб тураверади. Зеро, Ғайбулла Ҳожиев оғир хасталик туфайли театрдаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганда ҳам ижодий фаолиятини тўхтатмаган эди. Ойбарчин Бакирова эса юздан зиёд бадиий фильм ва мульфильмларнинг дубляж жараёнларида иштирок этган бўлса, Ҳошим Арслонов бир қанча сериал қаҳрамонларини ўзбек тилида “сўзлатган”. 

Ўзбекнинг “Сотти”си ва “Шум боласи”

“Келинлар қўзғолони” давом этаверар экан, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромованинг “Сотти” образи ҳам унутилмайди. Бу актриса ва образнинг ўзига хос характери, истеъдоди одамлар меҳрини қозонган. Халқимиз ўз шум боласи – Абдураим Абдуваҳобовни 57 ёшида йўқотди. Устози ва яқин дўстидан ажралган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов эса бу йўқотишларга дош бера олмагандек гўё.

Ўлмас наволар

Маҳмуджон Тожибоев, Шуҳрат Қаюмов, Руслан Шарипов… Уларнинг ўз йўналишлари ва мухлислари бор эди. Маҳмуджон Тожибоевнинг лирик оҳанглари қалбимизга ором берса, Шуҳрат Қаюмов ўзининг ҳам бошловчилик, ҳам қўшиқчилик санъатидаги ижро маҳорати билан шуҳрат қозонган эди. Руслан Шарипов эса 1980-1990 йиллар ўзбек эстрадасининг ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкор ҳисобланади.

Биз ушбу машҳурларнинг айримлари ҳақида “Машҳурлар” рукни орқали турли маълумотлар тақдим этганимиздан хабарингиз бор. Улардан қай бирларининг ҳаёт йўллари, ижод намуналаридан баҳраманд бўлишни истайсиз, “Машҳурлар” рукнини кузатишда давом этинг!

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: