Юрак хуружи: ёшарётган касаллик

Хафақон бугунги кунда жуда кўп учрайдиган касалликлардан биридир. Хафақонлик асосан юрак қон-томир тизимида кечадиган хасталик бўлиб, артериал босим кескин кўтарилиши билан боғлиқ. Ушбу касалликни вақтида даволаш ва олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Умуман, бутун ер юзида бўлгани каби юртимизда ҳам юрак, қон-томир касалликлари кундан-кунга кўпайиб, ҳатто ёшариб бормоқда.

Кўпчилигимиз юрак хуружи қандай кечишидан бохабармиз. Ҳеч бўлмаганда шу ҳақда эшитганмиз. Юрак фаолиятидаги ўзгаришлардан огоҳлантирувчи белгиларни эса ҳар ким ҳам билавермаса керак. Мабодо ўзингизда қуйидаги 6 огоҳлантирувчи белгидан бирини сезсангиз, дарҳол шифокорга мурожаат этинг.

Асосий омиллар

Одатда юрак фаолияти билан боғлиқ касалликлар 40 ёшдан ошган эркак ва аёлларда кузатилиш эҳтимоли юқори. Шу билан бирга ҳар бир организмнинг ўзига хос тузилиши ва бошқа бир қатор омиллар касаллик юзага келиш вақтини олдинга суриши мумкин. Булар:

• ўта семизлик (тана вазнининг меъёридан ортиқчалиги);
• камҳаракатлилик;
• кўп туз истеъмол қилиш;
• носоғлом турмуш тарзи (зарарли одатларга рўжу қўйиш).

Мана шу омиллар мавжуд бўлса ёки наслда, айтайлик, ота-онада юрак касаллиги кузатилган бўлса, наслий мойиллик эрта уйғониши мумкин.

Унутманг!

Юрак-қон томир касалликлари юзага келиши учун жисмоний ва эмоционал зўриқиш таъсири бўлиши керак. Айнан мана шу таъсир сабаб юрак касалликлари хуруж қилади.

Оғриқнинг белгиси

Одатда юрак касалликлари билан боғлиқлиги тахмин қилинувчи оғриқ санчиқли, ачишувчан, эзиб оғрувчи, симиллаган кўринишда бўлади. Бундан ташқари, оғриқ нафақат юрак соҳаси, балки тананинг бошқа аъзоларида ҳам сезилиши мумкин.

Бўйин соҳасидаги оғриқ

Бўйин соҳасидаги чўзилувчан турга мансуб, симиллаб кечадиган оғриқ аста-секин чап елка ва қўлларга ёйилади. Баъзида бундай оғриқ тез-тез такрорланиши юрак безовталанаётганини билдиради.

Нега шундай? Юрак тўқимасининг зарарланган асаб толалари орқа миядан юқорига ва пастга тарқалувчи сигналларни юборади. Ўз навбатида сигналлар елка ва бўйин соҳасида акс этади. Бундай оғриқ бир ерда тўпланмай, тарқалиб ҳаракатланиши мумкин.

Ҳолсизлик, нафас қисиши…

Яқин кунларда ҳолсизлик, қувват камайиши ва баъзан, бош айланиши безовта қиляптими? Эҳтимол, зинадан кўтарилаётганда нафас қисиши ҳам кузатилаётгандир? Бу белгилар шифокорга кўриниш учуни етарли асосдир.

Нега шундай? Қон айланиши бузилиши организмнинг кислород билан таъминланишига тўсқинлик қилади. Агар ўз-ўзидан нафас олиш қийинлашиб қолса, бу стенокардиянинг илк белгиси бўлиши ҳам мумкин.

Оғир юк кўтариш, руҳий зўриқиш ҳолатида юз берадиган юрак хуружи нафас қисиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Кўнгил айниши

Кўпчиликда юрак оғриғи чап кўкрак соҳасида юз беради, деган тасаввур устун, аммо айрим ҳолларда кўнгил айниши, лоҳаслик ва жиғилдон қайнаши, тана босими кўтарилиши ҳам касалликнинг эрта белгилари сифатида намоён бўлиши мумкин. Одатда бундай белгилар юрак хуружи, инфаркт ёки миокарддан олдин кузатилади.

Нега шундай? юракдаги ўзгаришлар ҳақидаги сигнал тана бўйлаб тарқалганда кўкрак қафаси ва елкаларда оғриқ туриши мумкин. Кўнгил айниши ва лохаслик эса безовталик асосли эканини тасдиқлайди.

Тиш ва жағ оғриқлари

Кутилмаганда тиш оғриғи пайдо бўлиши нафақат оғиз бўшлиғи касалликлари, балки юрак-қон томир фаолияти билан боғлиқ безовталик белгиси бўлиши ҳам мумкин. Аҳамият берган бўлсангиз, тиш оғриғини қанча даволатманг, оғриқ қайталайверади. Бундай пайтда шифокорга кўриниш ва оғриқ юрак билан боғлиқлиги эҳтимолини текшириш лозим.

Нега шундай? Юракдаги ўзгаришлар тана бўйлаб огоҳлантирув сигнали сифатида тарқалганда елка, бўйин соҳаси билан бирга тиш ва жағ суякларида ҳам акс этиши мумкин. Айниқса, тишнинг жағ суяги билан бирга зириллаб оғришига эътиборсиш бўлиш ярамайди.С

Бош оғриғи

Бир ойда тез-тез такрорланувчи бош оғриғининг асаб қўзғалиши билан юзага келиши ҳамда қон босими ўзгариши ҳолати юрак-қон томир фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, бош оғриғи тез-тез такрорланиб, кўз олдида ёруғлик синиқлари акс этса, албатта шифокорга учраш зарур.

Нега шундай? Организмда қон айланиши (циркуляция) ҳолати бузилиши, бевосита юрак фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади. Бу ўз навбатида бош оғриғи, босим бузилишини келтириб чиқаради.

Диққатни жамлай олмаслик

Аритмия (юрак пульси тезлашиши ёки секинлашиши) сабаб, баъзан диққатни жамлаш қийинлашиб, кишида паришонхотирлик кузатилади. Бундай ҳолат доимий турмуш тарзида билинмайди, кутилмаганда юз беради ва бир муддат диққатни жамлаш имкони йўқолади.

Нега шундай? Қон босими пасайиб кетганда мияга фаолият учун етарли даражада қон бормайди. Натижада онгда ахборот таҳлили бир муддат тўхтаб, борлиқни идрок этиш секинлашади.

Шифокор тавсияси

Касалликнинг олдини олиш учун турмуш тарзини яхши тарафга ўзгартириш лозим. Шунингдек, ҳазми оғир ёғ ва туз истеъмоли миқдорини камайтириб, парҳез таомларга ўтиш ҳамда ўтроқ турмуш тарзидан чекланиш фойдадан холи бўлмайди. Қолаверса, бир кунда 3-5 км пиёда юриш ҳам юрак-қон томирлари фаолиятига ижобий таъсир этади.

Бу муҳим!

35-40 ёшлилар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Айниқса, қондаги липидлар кўрсаткичи, қанд миқдорини текширтириш, зарур ҳолларда керакли муолажалар олиш тавсия этилади.

Дилдора Арипова,
шифокор-педагог

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: