Дунёнинг биринчи фазогири Юрий Гагариннинг Мирзачўл билан нима боғлиқлиги бўлган?

Туман марказининг Гагарин номи билан аталиши тасодифми?

12 апрель – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни Жиззах вилояти Мирзачўл туманида алоҳида аҳамиятга эга тарихий кун сифатида нишонланади. Туман марказининг Юрий Гагарин номи билан аталиши ҳам бежиз эмас.

Мирзачўлни ўзлаштириш шу ердан бошланган. Дастлабки чўлқуварларнинг қароргоҳи ҳам, “Иржарсовхозстрой” трести ва унинг қурилиш, таъминот корхона ва ташкилотлари ҳам айнан шу ерда – Ержар темир йўл станцияси атрофида, ҳозир Гагарин шаҳри ўрнида жойлашган эди. Ўтган асрнинг 60-йилларида Мирзачўлни ўзлаштириш Бутуниттифоқ зарбдор қурилиши деб эълон қилинган, шу ерда дастлабки гектар ерлар ўзлаштирилган, дастлабки совхозлар барпо этилган.

photo_2020-04-12_09-28-27.jpg
photo_2020-04-12_09-28-30.jpg

1967 йилда бу ерда чўлдаги дастлабки туман — Мирзачўл ташкил этилди. Ҳозирги шаҳар ўрнидаги Ержар ишчилар посёлкаси фақат туман маркази эмас, чўлнинг ўзлаштириш бош қароргоҳи сифатида йил сайин кенгайиб, 1974 йилда шаҳар мақоми берилган. Чўлда биринчи пайдо бўлган шаҳарчага ном беришда Мирзачўлни ўзлаштиришнинг мамлакатда тутган ўрнидан келиб чиқилган. Тўғри, бу масалада бошқа таклифлар ҳам бўлган, бироқ Мирзачўлни ўзлаштиришнинг аҳамияти космосни ўзлаштиришдан кам эмас, деган фикр кўпчиликка маъқул келиб жаҳоннинг биринчи фазогири Юрий Алексеевич Гагарин номи берилган.
Бу қарор мантиқан тўғри эди. 1961 йил 12 апрелда собиқ Совет Иттифоқи фуқароси Юрий Алексеевич Гагарин “Восток” космик кемасида дунёда биринчи бўлиб Ер орбитаси бўйлаб парвозни амалга ошириб, инсониятнинг космосни ўрганиш тарихида янги даврни бошлаб берди. Ўзбекистонда Мирзачўлни ўзлаштириш ҳам кўлами ва аҳамияти билан фақат собиқ Иттифоқ миқёсида эмас, жаҳонда ҳам мислсиз катта иш эди.
Орадан кўп ўтмай шаҳарда Юрий Гагаринга Марказий Осиё республикаларидаги энг маҳобатли ҳайкал ўрнатилди. Унинг очилишида кўплаб машҳур кишилар қаторида космонавтлар тайёрлаш отряди раҳбари Г. Береговой иштирок этган.

photo_2020-04-12_09-28-33.jpg
photo_2020-04-12_09-28-31.jpg

Жаҳон фалакиёти илмининг Мирзо Улуғбекдек буюк сиймоси вояга етган Ўзбекистоннинг космонавтика тараққиётидаги, дунёнинг биринчи фазогири ҳаётидаги тутган ўрни ҳам тарихий аҳамиятга эга.
Юрий Алексеевич Ўзбекистонга тез-тез меҳмонга келиб турган. 1961 йилдан 1968 йилгача республикамизга олти марта келган. У серқуёш юртимизни, меҳнатсевар, самимий ўзбек халқини жуда ҳурмат қилган, сафарлари давомида кўплаб жамоат, маданият ва санъат арбоблари, ёшлар, оддий одамлар, пахтакорлардан дўстлар орттирган. Ўша даврнинг газета ва журналларида, кинолавҳаларда унинг ўзбек дўпписини кийиб, ўзбекча рақсга тушаётган суратларни кўплаб учратиш мумкин.
Шу нуқтаи назардан ҳам Мирзачўл тумани маркази коинотга илк парвоз қилган инсон хотирасига унинг номи билан аталишида илмий-минтиқий асослар бор.
Ҳозир Гагарин шаҳрига турли мамлакатлардан зиёратчилар келиб биринчи космонавтга ўрнатилган ҳайкални зиёрат қилиб туради.
Албатта келган меҳмонлар биринчи космонавт номидаги шаҳар ҳаёти, бу ердаги ўзгаришлар билан ҳам қизиқади. Бугун Гагарин шаҳарчаси кўришга, ҳавас қилишга арзирли. 2018 йилда шаҳарча Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури доирасида бутунлай янгиланди. Бир йил ичида Гагарин шаҳарчасида шу пайтгача мирзачўлликларнинг хаёлига ҳам келмаган катта ўзгариш ва янгиланишлар юз берди.
Дастур доирасида ўтган асрнинг 60-йилларида вақтинча яшаш учун қурилган барак типидаги уйларда яшовчи икки мингга яқин аҳоли учун 223 таси 4 сотихли якка тартибдаги, 4 та кўп қаватли 94 та хонадонга мўлжалланган уйлар қурилди. Пахта қабул қилиш пунктига қарашли ташландиқ икки қаватли бино мукаммал таъмирланиб, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексалар яшаши учун 22 та хонадонга мўлжалланган уйга айлантирилди.
Марказий кўчалардан тортиб, маҳалланинг барча ички йўлларига асфальт ётқизилди. 176 та кўп қаватли уй ва 35 та кўча таъмирланди. Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида 38 та болалар майдончалари барпо этилди. “Хотира хиёбони”, Юрий Гагарин ва “Чўлқуварлар” ҳайкаллари таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Қозоқ драма миллий театри биноси мукаммал таъмирланиб, “Ўзбек-Қозоқ” маданият маркази ташкил этилди. “Ёшлар истирохат боғи” қурилишлари олиб борилмоқда.
Бирор саноат корхонаси бўлмаган туманда 2019 йилда иккита йирик текстил йўналишидаги, йиллик қуввати 2 миллион дона шифер ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод, газобетон маҳсулотлари, ҳар хил турдаги пластмасса идишлар ишлаб чиқариш, 5 минг тонна қувватли мошни саралаш ва бошқа корхоналар ишга туширилди. Замонавий нон цехи, минимаркетлар, 2 та ҳаммом, 50 дан зиёд хизмат кўрсатиш, сервис ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилди.
– Бу туб ўзгаришнинг самараси обод ва шинам шаҳарчамизда яшаётган одамларнинг фаровон ҳаётида намоён бўлаётир, – дейди туман хокими Комил Холмуродов. – Президентимизнинг “Одамларимиз ислоҳотлар самарасини узоқ келажакда эмас, бугун ўз ҳаётлари мисолида ҳис қилишлари, сезишлари керак” деган халқчил сиёсатининг айни ижроси бу. Шубҳасиз, бу ўзгаришлар одамларнинг руҳиятини ўзгартирди, қалбларида ҳаётга ҳавас ўйғотди, дунёга бошқа кўз билан қарашга ундади, тасаввурларини кенгайтирди.

photo_2020-04-12_09-28-29.jpg
photo_2020-04-12_09-28-38.jpg

Бу йил Гагарин шаҳри ҳаётида яна бир муҳим янгилик рўй берди. Шаҳарда “Космонавтлар ва чўлқуварлар” ўлкашунослик музейини ташкил этилмоқда.
Бу таклиф 2019 йилнинг 12 апрелида Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни муносабати билан Россия Федерацияси давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раиси, Россия қаҳрамонлари ассоциацияси президенти, Россия қаҳрамони Владимир Шаманов раҳбарлигидаги делегация таркибида келган космонавтлар – икки марта Совет иттифоқи қаҳрамони Владимир Жонибеков, Россия қаҳрамонлари Солижон Шарипов, Юрий Онуфриенколар томонидан билдирилган эди. Бу таклиф делегация аъзоларининг туман раҳбарлари шаҳар жамоатчилиги вакиллари билан учрашувда муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Шу йил январ ойида Россиядаги “Защитники отечество” (“Ватан ҳимоячилари”) Владимир Шаманов фонди вакиллари Гагаринга келиб “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Мирзачўл туман бўлинмаси билан мазкур музейни очиш юзасидан ҳамкорлик келишувини имзолаб кетди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлат органлари томонидан маъқулланиб, Гагарин шаҳри марказида “Космонавтлар ва чўлқуварлар” ўлкашунослик музейи ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётир. Айни пайтда музей учун ажратилган иншоот таъмирланди. Фақат коронавирус карантини туфайли бу жиҳозлаш ишлари вақтинча тўхтатилди. Карантин тугаши билан бу иш давом эттирилиб, музей фаолиятини бошлайди.
Фақат номи эмас, тарихи ҳам косманавтика билан боғлиқ, чўлни ўзлаштиришнинг бешиги бўлган Гагарин шаҳрида “Космонавтлар ва чўлқуварлар” музейи ташкил этиши ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни фазо илмига қизиқтиришда хайрли иш бўлади, албатта.

Т. БЕКНАЗАРОВ. Ж. ЁРБЕКОВ (сурат). ЎзА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: