Юсуф Розиқов: «Ҳар ким қўлидан келган ҳунарини пуллайди»

Режиссёр, сценарист, постановкачи-рассом ва актёр Юсуф Розиқов бугунги кино саноати ҳақида:

Биласизми, ҳозир кинопрокат аранг кун кўраётир, ўзи. Эҳтимол, бора-бора маънавий ҳордиқ чиқариш турлари орасида унга умуман ўрин қолмас. Бугун интернет ҳар қандай дид эгасига эрмак топиб беришни уддалаяпти. Ҳозир ким кинотеатрга боради? Асосан талабалар. Улар учун кинозал – учрашув гўшаси. Хўш, буни инобатга олиш керакми-йўқми? Агарда сиз кинобизнес билан шуғуллансангиз, томошабиннинг истак-майли билан ҳисоблашишга мажбурсиз: у қандай ҳаётда яшаяпти, унга нима етишмаяпти… Бунинг учун эса ўзингизни оммадан юқори – хос қатлам қаторига қўймасдан, халққа яқинроқ тутишингиз лозим. Бўлажак қаҳрамонларимиз айнан кинозалда ўтирганини унутмайлик. АҚШда йилига 700-800 та фильм суратга олинади, бор-йўғи бир неча ўнтаси “Оскар”га даъвогарлик қилади. Қолганларидан ҳам ҳар ким ўзига керагини олади. Томошабинбоп ҳамда муаллифлик фильмлари орасида мувозанат сақланиши зарур. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор… Ҳаваскор режиссёрлар ном чиқариш илинжида жаҳон киноси дарғаларидан нусха кўчиришга уринадилар. Ўз хаёлларида ақлли, элита асар ишлайдилар гўё. Айнан шундай киномаҳсулотлар ҳам томошабиннинг сийқа сюжетли, енгил-елпи фильмларни афзал кўришига сабаб бўлади.

Кўнгилочар фильм ишлаш билан кинодаги дилетантизм – бошқа-бошқа тушунчалар. Ҳаваскорлар жиддий картинадан кўра кўнгилочар асар яратишни осон деб ўйлашади, бунинг учун алоҳида профессионал ёндашув шарт эмасдек туюлади. Уларнинг бахтига, томошабин ҳам “хонтахта” фильмлардан ортиқча теранлик кутмайди, сийқаси чиққан маҳсулотларга кўникади. Кейин бундай томошабин дилетантларга гўёки профессионаллик мезони бўлиб қолади. Томошабиннинг саёз талаби ва кинода урчиб бораётган нопрофессионализм ўзаро боғлиқ ҳодиса – икки тарафлама бузилишдан бошқа нарса эмас. Санъаткорда масъулият, жавобгарлик ҳисси бўлмоғи даркор. Дилетантда эса ана шу хислат етишмайди. Кино тилидан қўрқиш, ҳаётни билмаслик, замон муаммоларини тушунмаслик ва фильмларнинг фавқулодда даражада ўхшашлиги – дилетантни таснифловчи сифатлар! Агар титрни олиб ташласангиз, бундай фильмларни бир-биридан умуман фарқлаб бўлмайди ҳам.

Бозорда одамлар ўз меҳнат маҳсулларини айирбошлайди. Ҳар ким қўлидан келган ҳунарини пуллайди. Энг яхшисини сотувга чиқаради! Бозорни эгаллаш ҳам ҳаммага эмас. Йўлдош Аъзамов, Элёр Эшмуҳаммедов, Али Ҳамроев, Шуҳрат Аббосов фильмларининг ҳамон бозори чаққон. Халқ ҳали ҳам севиб кўради, шунга маънавий эҳтиёж сезади. Муваққат растани эмас, чинакам бозорни забт этишни кўзлаган ижодкор ўша устозлардан қизиқарли, ёрқин, одамларга керакли фильмлар яратишни ўрганишлари керак.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: