Дмитрий Песков

Ким у?

Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби, образли айтганда, 1-даражали давлат маслаҳатчиси. У Қирғизистоннинг “Манас” ордени ва Россия Федерациясининг бир нечта орден ва медаллари билан тақдирланган.

Замондошнинг ҳаёт йўли

Дмитрий Песков 1967 йил 17 октябрь куни Москвада туғилган (52 ёш). Бу вақтда унинг отаси 19 ёшли талаба эди. Институтни битиргач, ёш ота араб мамлакатларига ишга юборилади. Дмитрийни эса бувиси тарбиялайди. Аммо болакай 1-синфга чиқиш арафасида отасининг ёнига жўнаб кетади. Институтга кириш арафасида яна Москвага қайтади ва инглиз тилини чуқур ўрганиш мақсадида ихтисослаштирилган мактабда ўқийди. Дмитрий иккинчи уринишда ўқишга киради, аммо ўзи истаганидек араб мамлакатларини ўрганувчи эмас, балки тўплаган балларига кўра, турк гуруҳида ўқишга мажбур бўлади. Ўқиш давомида у ҳарбий чақирувга чақирилади, бироқ хизмат вақтида бетоб бўлиб қолгани боис орқага қайтиб, ўқишини давом эттиради. Институтни тамомлагач, Яқин Шарқдаги дипломатик ваколатхонада ишлай бошлаб, оғир касалликка чалингунича фаолият юритади. 1996 йилдан 1999 йилгача ташқи ишлар вазирлигида турли вазифаларда ишлаган. Жумладан, РФнинг Туркиядаги элчихонасида биринчи котиб лавозимига тайинланади.

1999 йил Песков президент Борис Елцин ташрифи арафасида Истамбулдаги ЕХҲТ саммитига тайёргарлик ишлари учун тузилган гуруҳнинг аъзоси сифатидаги иштирокидан сўнг Президент администрациясига ишга таклиф қилинади. Кремлда иш бошлаган (турк ва араб тилларини билувчи) Песков Бош вазир Владимир Путин ва Туркия бош вазири Бюллент Ажавид ўртасидаги музокараларда таржимонлик қилади. Айнан шу пайтда у бўлажак президент билан танишади. 2000 йилда у ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи лавозимини эгаллайди. У Путиннинг давлат раҳбари сифатидаги ишларининг асосий ташкилотчиси ва унинг позициясини чел эл ОАВдаги тарғиботчиси эди.

2008 йилда Путин президентликни Дмитрий Медведевга топшириб, тўрт йилга бош вазир вазифасини бажаришга ўтганида Песков унинг матбуот котиби бўлади. Путиннинг 2012 йилги сайловлардаги ғалабасидан сўнг яна ҳаммаси ўз ўрнига қайтади. Песков 2010 йил учинчи турмуш ўртоғи, икки карра дунё чемпиони, машҳур фигурист Татьяна Навка билан турмуш қуради. Рафиқасининг совға қилган 37 млн. рубллик соати талайгина муҳокамларга сабаб бўлади. Кремл амалдорларининг аёллари орасида энг бойи ҳисобланган Навканинг даромади 250 миллион рубль деб баҳоланган. Путин интервьюларидан бирида Песковнинг кўп ҳолларда “бўрон кўтаришини” айтиб ўтган. Песков эса Путинга бўлган ҳурматини кўрсатиш учун: «Ҳатто айиқ ҳам Путинни кўрганида ўзини сипо тутиб қолади», деган.

Замондошнинг фикри

«Менинг сиёсатга алоқам йўқ. Давлат хизматчиси сиёсатчи эмас. Одамлар танлайдиганлар сиёсатчилардир».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: