Замондош: Расул Кушербаев

Расул Кушербаев…

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ёш, таниқли ва жонкуяр депутатларидан бири. ЎзЛиДеП аъзоси, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби, журналист. Очиқлик, сўз ва матбуот эркинлигининг фаол тарафдори. Президент Шавкат Мирзиёев жонкуярлиги учун миннатдорчилик билдирган.

 Замондошнинг ҳаёт йўли

Расул Кушербаев 1987 йил 12 январь куни Янгийўл туманида туғилган. Миллати қозоқ. Болалиги Чирчиқ дарёсига яқин Қўшёғоч қишлоғида ўтган. Отаси анча қаттиққўл инсон бўлган, аммо болаларининг фақат китоб ўқиётганини кўрганида меҳри ийиб кетган. Шу сабабли Расул кўп китоб мутолаа қилган. Болалигида учувчи бўлишни орзу қилган. Бироқ бир фильм сабаб унинг орзуси ўзгариб кетади. Унинг қарашларини ўзгартириб юборган ўша фильмда доим олға интилиш ва ўз мақсадидан оғишмай инсонларга ёрдам бериш ғоясиилгари сурилган эди. Мактабни битиргач, ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультетида таҳсил олади. Иш фаолиятини 2007 йил ЎзЛиДеПнинг Тошкент вилояти Кенгашида бошлаган. 2012-2014 йилларда «Янгийўл» газетасининг бош муҳаррири лавозимида ишлаган. 2014 йилда парламент қуйи палатаси депутати этиб сайланган. Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси. Сўнгги йилларда монополияни бекор қилиш, ОТМда талабаларнинг тўлов-шартномаларини қисқартириш, аҳолининг ўрта ва қуйи қатламларини арзон уй-жой билан таъминлаш каби долзарб масалаларда фаол чиқишлар қилмоқда. Парламентнинг энг фаол депутатларидан бири бўлса-да, ўтган йили ўзига қилинган мурожаатларнинг атиги 30 фоизига ёрдам бера олганини таъкидлаган. Кушербаев ҳокимларни аҳолининг уйларини бузганликда танқид қилган ва пенсия ислоҳотларига қарши чиққан. Жорий йилнинг январь ойида Президент Шавкат Мирзиёев Кушербаевга: «Ҳаммагаям ёқмайсан, менга ёқасан», деб таъкидлаган. Яқинда қозоқ ёзувчиси Тўлен Абдиковнинг «Фаросат майдони» асарини ўзбек тилига таржима қилганлигини эълон қилди.

Замондошнинг фикрлари

«Буни мен эмас, қонун айтаяпти».

«Ҳа, биз ҳокимларни сайлаш йўлига ўтишимиз шарт!»

«Қонунда тўғридан-тўғри тушунарли ёзиб қўйилган қоидани у ёқдан бу ёққа тортиб, кулгуга қолишнинг нима кераги бор?»

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: