Жо Байден – АҚШ тарихидаги энг ёши катта президент

Бугун, 20 ноябрь санасида у 78 ёшни қарши олди.

  1. АҚШ тарихидаги энг ёши катта президентга айланиши кутилаётган Байден 35 йилдан ортиқ вақт давомида Делавэр штатидан сенатор бўлган ва 44-президент Барак Обама маъмуриятида вице-президент лавозимини эгаллаган. 1974 йилдаёқ нуфузли Time журнали уни “Тарихни яратадиган келажакдаги 200 киши” рўйхатига киритган эди.
  2. У мактабда дудуқланиб гапиргани учун тенгдошлари жиғига тегишган. Аммо бўлғуси президент ойна қаршисида шеър ўқиш машқлари билан нутқидаги камчиликларни тузатган.
  3. 29 ёшида Делавэр штатидан сенаторлик пости учун сайловда ғолиб чиққан ёш сиёсатчининг рафиқаси Нелия ва бир ёшли қизи Наоми автоҳалокатда вафот этишади, ўғиллари Бо ва Ҳантер жиддий жароҳатланишган. Шу сабаб сенаторликдан воз кечмоқчи бўлган Байденни сиёсатда қолишга кўндиришган ва у фарзандлари даволанаётган шифохонада қасамёд қабул қилган. 2015 йили катта ўғли Бо 46 ёшида мия саратонидан вафот этгач, 2016 йилги президентлик сайловларига номзодини қўйишни режалаштирган Байден пойгани тарк этишга қарор қилган. Аммо орадан тўрт йил ўтиб у барибир АҚШ президентлигига сайланди.
  4. 1987 йилда у илк марта президентлик сайловларида иштирок этиш учун номзодини илгари сурган, аммо плагиат бўйича айбловдан кейин номзодини қайтариб олишга қарор қилган. Трамп уни “имиллаган Жо” деб атаган бўлса-да, Вашингтонда Байденни ёқтирмайдиган бирор одамни топиш қийин. У кўп йиллар мобайнида Конгрессда республикачилар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилган дўстона ва дилкаш инсон сифатида ном қозонган.
  5. Байден Обамани ўз укаси деб атаган. Президентлигининг сўнгги кунларида Барак Обама Жо Байденни президентлик медали – АҚШда фуқаролар учун олий мукофот билан тақдирлаган.

The Washington Post нашрининг хабар беришича, Байден АҚШни иқлим бўйича Париж келишувига қайтармоқчи, Трампнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиши ҳақидаги ва иммиграцияни тақиқловчи қарорини бекор қилишни ва АҚШга ёшлигида ноқонуний тарзда келтирилган шахсларга мамлакатда қолишга имкон берувчи дастурни тиклашни режалаштирмоқда.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: