Журналистикага кириш нимадан бошланади?

Қадрли ҳамкасблар, талабалар ва абитуриентлар. Хушхабар, Устоз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ноёб китоби қайта чоп этилди.

Аслида ушбу китоб анча йиллар аввал нашр этилганди. Уни биринчи марта ўқиганимда менда жуда илиқ таассурот қолдирган эди. Чунки китобнинг илк саҳифасини очганингизда “Журналистикага кириш нимадан бошланади?” ёки “Ким журналист бўла олади?” деган савол худди бизга берилгандай бўлади. Бу мурожаат муаллифнинг сизни ўзи билан баробар кўриши, сиз билан суҳбатлашаётгандай ва хаёлингиздан ўтган, тилингизнинг учида турган саволларга жавоб бергандай бўлади.

Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида дарс берганимда талабалардан “Журналист бўлмоқчимисиз?” деган китобни ўқиганмисиз? – деб сўрар эдим. Ҳозир ҳам университет ректори сифатида абитуриентлар билан суҳбатлашганда устоз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ушбу китоби ҳақида сўрайман. Кимдир ўқиган, кимдир бехабар бўлади. Шундай ёшларга “Журналист бўлмоқчимисиз?” китобини тутиб, “Мана шу китобни ўқиб кўринг ва ўзингизни журналистикада тасаввур қила олсангиз, марҳамат университетда ўқишингиз мумкин” деб айтаман.

Биринчи марта китоб 2000 нусхада, кирилл алифбосида чоп этилган экан. Бу лотин алифбосида вояга етган бир авлоднинг китобдан беҳабарлиги белгиси, дегани. Китобнинг ададини кўпайтириб, лотин алифбосида ҳам қайта нашр этиш учун университетимиз профессор-ўқитувчилари билан маслаҳатлашиб, уни қайта чоп этишга қарор қилдик. Бу ниятимизни устоз Хуршид Дўстмуҳаммадга айтганимизда, у киши китобни қайта ишлаб, тўлдириб беришга ваъда қилганини эшитиб, жуда хурсанд бўлиб кетдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай устоз ваъдасининг устидан чиқиб, китобни бизга етказди. У янги фикрлар, янги кузатувлар ва янги хулосалар (факт нима, мавзу топиш, журналистика – мулоқот маданияти эканлиги, глобаллашув нима, блогер ким ва ҳ.к.) билан яна ҳам бойитилган. Бугун сизга инъом этилган мана шу услубий қўлланма сиз, бўлажак журналистлар учун, жуда ҳам зарур қимматли манба. Ўқинг идрок қилинг ва ўйлаб кўринг. Сиз журналист бўлишга қатъий қарор қилдингизми? Бу касбнинг машаққатини кўтара оласизми, оғир-енгилига чидашга кучингиз етадими? Журналистика жиддий, масъулиятли, шу билан бирга шарафли касб эканлигини тушина оласизми? Хуршид Дўстмуҳаммаддек олимлар сизга унинг сир-асрорларини кўрсатиб беради.

Агар маъқул келса, сабрингиз етса, қўлингиздан келишига ишонсангиз, ЎзЖОКУга хуш келибсиз!

Шерзод ҚУДРАТХЎЖАЕВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: