Шоира ҳаётидан уч лавҳа

Урушнинг охирги йили эди. Адабиёт ўқитувчимиз дарсни режадаги мавзу қолиб, “Баҳор келди сени сўроқлаб” шеърини ўқишдан бошлади. Синф сув қуйгандек жим, ўтирганларнинг кўнглида ҳаяжон, айримларнинг кўзида ёш.

Сўнг домла асар муаллифи – шоира Зулфия шеърининг ёзилиш тарихи, унинг турмуш ўртоғи шоир Ҳамид Олимжоннинг бевақт вафоти ҳақида сўзлаб берди. Ўша кундан бош­лаб мен шоира Зулфия шеъриятининг шайдосига айландим, айниқса, ўз қалби гавҳари изҳори – ҳижрон ва вафо изтироблари қаламга олинган галдаги ҳар бир шеъри билан танишиш шоиранинг кўплаб мухлислари қатори мен учун ҳам байрам бўларди.

Мунаққидлик ҳунарини озми-кўпми эгаллагач, кўнглимдаги ўша туғёнларни қоғозга туширишга шайланар эдим-у, Зулфия опанинг салобатлари босиб, бунга журъат этолмас эдим. Ниҳоят, шоира қалб гавҳари розларининг сўнгги ва энг авжи – “Хотирам синиқлари” достони пайдо бўлди. Энди у ҳақда ёзмасликнинг иложи йўқ эди. Мақола ёзилди, афсус, шоира ҳаётлигида эмас, вафотидан сўнг “Бақо бўсағасидаги нидо” сарлавҳаси остида матбуотда эълон қилинди.

Зулфия опа ҳақидаги хотираларимдан айримларини, аниқроғи, учта лавҳани сўзлаб ўтсам.

Биринчи лавҳа: 1965 йили Зулфия туғилган куннинг 50 йиллиги олдидан шоира таълим олган хотин-қизлар билим юртида у билан адабий учрашув ўтказиладиган бўлди. Опанинг таклифига кўра, устоз Озод Шарафиддинов бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар қаторида мен ҳам тантанада иштирок этадиган бўлдим. Ўша кезлари номи бутун иттифоқ, балким жаҳонда машҳур шоиранинг билим юртида ўзини тутишини – бу қадар камтарлик, хокисорликни кўриб лол бўлиб қолдим. Опа билим юртига қадам қўйиши билан тантана ўтказиладиган залга эмас, ўзи ўқиган аудиторияга олиб киришларини илтимос қилди. Собиқ курсдошлари, муаллимлари қуршовида аудиторияга кириб, бир вақтлар ўзи ўтирган партани бехато топди ва у ерда туриб устозларига таъзим бажо келтирди. Тантана залига кирганда эса устозларининг барчаси зал тўрига ўтмагунча, у ерга чиқмайман деб туриб олди. Шоира айтгандай бўлди, устоз­лари даврасида яйраб ўтириши маросимга ажиб файз, завқ-шавқ бахш этди. Бунақасини  биринчи кўришим эди.

Иккинчи лавҳа: Орадан бир йил ўтиб нашриётда “Тирик сатрлар” маж­муаси қўлёзмаси муҳокамасига тўпландик. Директор хонаси ноширлар, ижодкорлар билан тўла. Таниқли адиблар қатори Зулфия опа ҳам муҳокамада иштирок этди. Чўлпон теварагидаги ҳадик ҳали авжида бўлган ўша кезлари  “Тирик сатрлар” муносабати билан опанинг у ҳақда айтган сўзлари бамисоли момақалдироқ каби ўтирганларни ларзага солди. “Чўлпон “Тирик сатрлар”дан жой олган шоирларнинг  барчасидан баланд туради, — дея мардона сўзини бошлади опа ва давом этди. – Чўлпон ўз номи билан тонг юлдузи, у чинданам, янги ўзбек шеъриятининг юлдузи. Уни “Тирик сатрлар”даги шоирлар қаторига қўйиш  тонг юлдузини кўкдан ерга тушириш бўлмасмикин… Мен Чўлпон шеърларини алоҳида китоб ҳолида чиқиши тарафдориман”.

Бу ўша пайтда, чиндан ҳам, буюк жасорат эди!

Учинчи лавҳа: 1995 йил авжи баҳорида Тошкент давлат аграр университетида шоира туғилган куннинг 80 йиллигига бағишланган байрамона адабий анжуман уюштирилди. Университетнинг улкан мажлислар залини тўлдириб ўтирган талабалар, профессор-ўқитувчилар қаршисида
давлат, жамоат арбоблари, олимлар, талабалар, машҳур актёрлар бирма-бир минбарга кўтарилиб дил сўзларини айтишмоқда, саксон ёшлик пиру бадавлат онахон шоирамиз ўзбекона одоб-тавозе билан ўз шаънига айтилган дил сўзларини тинглаб мамнун ҳолда ўтирибди. Ниҳоят, каминага сўз берилди. Мен асосан шоиранинг яқиндагина матбуотда эълон этилган “Хотирам синиқлари” достони хусусида гапирдим, аср сўнггида яратилган бу достон шеъриятимизнинг жиддий ютуғи эканини айтиб, уни ўқув дастурига киритишга розилик беришларини илтимос қилдим. Опа қўлларини кўксига қўйиб рози эканлигини изҳор этди. Шундан сўнг достон олий ўқув юртлари адабиёт дастури ва дарслигидан муқим ўрин олди.

         Умарали НОРМАТОВ,
филология фанлари доктори, профессор

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: